Жаҳон | 09:19 / 10.09.2020
6885
2 дақиқада ўқилади

АҚШ мингдан кўпроқ хитойлик талаба ва олимларнинг визаларини бекор қилди

Фото: Reuters

Вашингтон Хитой армияси билан боғлиқ хитойликларнинг визаларини бекор қилди. Шу сабабли АҚШни мингдан кўпроқ хитойлик, асосан талабалар ва олимлар тарк этади.

АҚШ давлат департаментида таъкидланишича, АҚШ “Хитой коммунистик партиясининг ҳарбий устунлигини ўрнатиш ғояларини илгари сурмайдиган” хитойликлар учун очиқ.

Май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп хитойлик аспирантлар ва олимларга АҚШга киришни чеклаганди. Вашингтоннинг фикрича, улар АҚШга технологиялар ва интеллектуал мулкни ўғирлагани келадилар ва бу АҚШ миллий манфаатларига хавф солади.

Хитой таълим вазирлиги АҚШ ҳукуматининг бундай хатти-ҳаракатларига қатъиян қарши эканини билдирган. Пекин Вашингтонни “теран фикрлашга, жамоатчилик фикрини ҳурмат қилишга ҳамда Хитой ва Америка халқлари ўртасида ўзаро алмашинув ва ҳамфикрликни ривожлантириш учун кўпроқ иш қилишга” чақирган.

“Биз Хитой ва АҚШ ўртасидаги талабалар алмашинувини қўллаб-қувватлаймиз ва турли давлатлар, жумладан АҚШдан Хитойга ўқишга келишни истовчиларни қутлаймиз”, дейилган Хитой таълим вазирлигида. 

Мавзуга оид