2018 йилда Американинг Silverleafe International компанияси вакиллари президент Шавкат Мирзиёев маъмурияти ўтказаётган ислоҳотларда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришди. Компаниянинг Марказий Осиёдаги бу мамлакатга қизиқиши узоқ тарихий алоқаларга бориб тақалади: Ўзбекистонда пахта саноати энди бошланган 30-йилларда, кейинчалик 70- ва 90-йилларда ҳам Silverleafe раҳбариятининг кекса авлод вакиллари мамлакат билан узвий муносабатларни ўрнатишган эди.

Silverleafe далалари

Бу омил Ўзбекистонда иш олиб бориш масаласида оилавий кенгашда тезгина бир фикрга келишга ёрдам берди – Ўзбекистон ҳукуматининг таклифини қабул қилишга, аграр соҳа модернизацияси жараёнида иштирок этиш, дала, чуқур қайта ишлаш ва халқаро бозорга чиқиш каби муҳим босқичларни қамраб оладиган вертикал-интеграцион жараёнга ўз инвестициялари ва тажрибаси билан иштирок этишга қарор қилишди.

Шу йилнинг ўзидаёқ лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ҳамкорлар билан бирга «Silverleafe» МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди. Ҳукумат қўшма корхона балансига Жиззах вилояти, Пахтакор туманидан ер ажратиб берди.

Илк кунларданоқ қайта ташкил топган Америка–Ўзбекистон қўшма корхонасининг олдида улкан масъулият турарди – улар ҳам ўзларидаги, ҳам бошқалардаги Ўзбекистоннинг инвестицион муҳит бўйича эски стереотип қарашларни ўзгартиришлари керак эди.

Silverleafe даласида ишлаётган John Deere трактори

Америка ҳукумати, Савдо ва тижорат вазирлиги, етакчи банклар, Халқаро меҳнат ташкилоти бошчилигидаги жаҳон ҳамжамияти, турли мамлакатларнинг дипломатик корпус вакиллари, БМТ вакиллари мамлакатда сўнгги йилларда содир бўлаётган ўзгаришларни баҳолашда айнан шу компаниянинг фаолиятини асосий кўрсаткич сифатида танлашди.

Қўшма корхона раҳбариятининг айтишича, барча жараёнлар корхонанинг агросоҳадаги ҳамкасблар билан узвий ҳамкорлиги, ҳокимият бўлимлари ва республика ҳукуматининг ёрдами асосида кечмоқда.

Пандемия даврида ҳам Жиззах далаларидан чиқмаган қўшма корхона бош директори Дэн Пэттерсон Ўзбекистонда ишлаш бўйича қарори билан боғлиқ кечинмалари ҳақида гапириб берди: «Халқаро бизнес билан шуғулланувчи исталган киши тасдиқлаши мумкин – янги маданий муҳитга мослашиш катта машаққатларни, баъзида фидойилик ва қатъийлик талаб қилади. Бу икки томонлама ҳаракат бўлган йўлга ўхшайди. Олдимизга мақсад қўйганмиз ва ижобий натижаларга эришишга ҳаракат қиляпмиз. Барчамиз умумий мақсад сари ҳаракатланаётганимизни тушунишимиз лозим. Ўн йиллар давомида шаклланиб келган менталитет, дунёқараш, иқтисодий ва ҳуқуқий тизим мавжуд. Бу соҳалардаги ўзгаришларда ўз масъулиятим борлигини ҳис қиламан. Бу ҳар кунлик меҳнат – мунозаралар, баҳслар дегани, аммо биз ҳар доим якдилликка эришамиз. Бу вақт ва қувват талаб қиладиган жараён. Аммо баъзида нопрофессионаллик билан боғлиқ муаммолар ижобий руҳдаги ҳаракатимизни тўхтатиб қўяди, репутацияга зарба бериши ва барча меҳнатимизни хавф остига қўйиши мумкин. Мисол: Кадастр агентлиги матбуот хизмати ўз сайтида бизнинг қўшма корхонамиз балансидаги экин майдонлари қишлоқ хўжалиги мақсадларида эмас, бошқа манфаатлар йўлида фойдаланаётгани ҳақида маълумотни жойлади. Текширилмаган бошқа маълумотлар билан бир қаторда, биз аэродром қураётганимиз ҳақида ҳам ахборот жойланган. Оммавий ахборот воситалари шу заҳотиёқ обуначиларнинг диққатини тортиш учун «сенсация»ни маҳкам тутиб олишди. Шу ўринда қайд этиб ўтмоқчиманки, бизга савол билан мурожаат қилган ҳар қандай шахс керакли маълумот ва ҳужжатлар билан танишиб чиқиши мумкин. Юридик департаментимиз корхона амалга ошираётган ҳаракатларнинг қонунийлиги устидан қатъий назорат юритади. Биз ижарага олган авиатехника барча юридик жараёнлар муҳокамасидан сўнг олинган ва у ҳосил етиштириш учун керакли агротехника ҳисобланади. Бу техникани зовур ёнидаги тозаланган ва текисланган ҳудудга жойлаштирганмиз. Агентлик билан учрашувимиздан кейин раддия берилишини истардим. Таъкидлаш керакки, Рим ҳам бир кунда бунёд этилган эмас. Инсонларнинг умумий қадриятлар ва вазифаларни тушуниши куч бағишлайди. Шунингдек, ҳаракатларинг кутилган натижани беришини истовчи, сендан минглаб километр узоқликдаги оилангнинг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим. Шу боис муваффақиятга ишониш ва қилаётган ишингни яхши кўриш керак», дейди у.