Украина президенти Володимир Зеленский Украина ҳарбийларига Россия бўйлаб кунига мингта дрон учириш вазифасини қўйганини айтди.
«Бугун Ставка йиғилишини ўтказдим. Асосий мақсад – Россиянинг Украинага бераётган зарбаларидан ҳимояланиш учун ўз қурол-яроғларимиз ишлаб чиқаришни максимал даражада оширишдир. Энг муҳими – реактив «Шоҳид»лардан ҳимоямизни таъминлаш ва Россияга узоқ масофали зарбаларимизни янада кучайтириш. Вазифа – Россияга қарши узоқ масофали санкциялар учун кунига мингта дрон. Ҳозир узоқ масофали санкцияларимиз ўртача 300 тани ташкил этмоқда, бу кўрсаткич янада кўпроқ бўлиши керак», деди у.
Зеленский «мақсад мутлақо аниқ» эканини ва Украина «бу вазифани албатта бажаришини» қўшимча қилди.
Июль ойи бошида Зеленский Financial Times нашрига берган интервьюсида урушнинг асосий босқичи қуруқлик ва денгиздан ҳавога кўчганини таъкидлаб, айнан «осмондаги жанг» можаро тақдирини ҳал қилиши ҳақидаги фикрни билдирган эди.
«Москва томон юзта эмас, мингта дрон учса, у [Владимир Путин] шунда тушунади. У буни шахсан ҳис қила бошлаганида, ўз кўзлари билан кўра бошлаганида... маслаҳатчилари уни Урал ортига кўчиб ўтишга кўндиради. Путин Москвадан қанчалик узоқлашса, урушнинг якуни ҳам шунчалик яқинлашади», – деган эди Зеленский.









