Белгиланган тартибга кўра, контракт суммасининг 25 фоизини биринчи курсга ўқишга тавсия этилган талабалар 15 сентябргача тўлаши керак. Иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун эса дастлабки 25 фоизлик тўлов муддати 1 октябргача белгиланган.

Кейинги тўловлар босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, контракт суммасининг 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 мартгача ва тўлиқ 100 фоизи 1 майгача тўланиши лозим.

Шу билан бирга, белгиланган тўлов муддатлари узайтирилиши ҳам мумкин.

Биринчи курсга қабул қилинган талабалар учун дастлабки тўлов муддатини узайтириш ваколати Давлат қабул комиссиясига берилган. Бошқа ҳолатларда эса тўлов муддатларини олий таълим муассасалари ректорлари узайтириши мумкин.

Масалан, 2025-2026 ўқув йилида биринчи курс талабалари учун контракт суммасининг дастлабки 25 фоизини тўлаш муддати 30 октябргача узайтирилган эди.

Айни пайтда молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат олийгоҳлар контракт миқдори ва уни тўлаш муддатларини мустақил равишда белгилаши мумкин.

Биринчи курсга қабул қилинган ва юқори курсларда таҳсил олаётган талабалар контракт тўлови бўйича шартнома олиш учун kontrakt.edu.uz электрон тизими орқали ариза юбориши мумкин.

Контрактни қисмларга бўлиб тўлаш имконияти табақалаштирилган тўлов-контракт — супер-контракт учун ҳам амал қилади.

Бироқ супер-контракт асосида ўқишни режалаштираётган абитуриентлар дастлаб белгиланган сумманинг 50 фоизини тўлаши талаб этилади. Шундан кейин контрактнинг қолган қисмини умумий тартиб асосида бўлиб тўлаш имконияти берилади.