28 август куни Хитойда Марказий ҳарбий комиссияси (МҲК) аъзолари – генераллар Чжан Юся ва Лю Чженли лавозимидан озод этилди, деб хабар берди Reuters.
Чжан МҲК раиси ўринбосари лавозимида ишлаган, Хитой раиси Си Жинпингдан кейин ҳарбий раҳбариятдаги иккинчи шахс ҳисобланган ва унинг энг яқин ҳарбий сафдоши эди. Интизом ва қонунни жиддий бузганликда гумон қилинган генералларга нисбатан тергов январь ойида бошланган.
Сўнгги бир неча йил ичида Хитой раҳбари армияда коррупцияга қарши кампания бошлади. Ушбу кампания доирасида собиқ мудофаа вазирлари Вей Фенхэ ва Ли Шанфу лавозимидан четлатилиб, терговга тортилган эди.
Кадрлар ўзгариши Хитойда ҳарбий тўнтаришга уриниш бўлгани ҳақидаги миш-мишлар ортидан юз берди. The Spectator нашрининг ёзишича, 18 январь куни Чжан гўёки Си Жинпингни ҳибсга олиш учун Пекин ғарбидаги «Инси» меҳмонхонасига бир рота аскар юборган. Хитой раҳбари Марказий қўриқлаш бюроси ходимлари Чжаннинг аскарларига пистирма қўйган. Бу жанг оқибатида 9 нафар қўриқчи ва ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлгани айтилади.
Чжан 1979 йилги Хитой-Ветнам урушида қатнашган. Унинг отаси, генерал Чжан Сзунсюн Хитой раисининг отаси Си Чжунсюннинг сафдоши бўлган. РБК ёзганидек, Чжан ва Си юқори мартабали партия арбобларининг авлодлари, яъни «шаҳзодалар»га мансуб. Чжан 2012 йилда Халқ озодлик армиясининг қурол-яроғ хариди ва уни ишлаб чиқишга масъул бўлган Қуролланиш бош бошқармасига раҳбарлик қилган. 2017 йилда у МҲК раиси ўринбосари бўлган ва пенсияга чиқиши кераклигига қарамай, 2022 йилда бу лавозимга қайта сайланган эди.









