Ўзбекистон | 13:44 / 26.09.2020
17318
3 дақиқада ўқилади

Ихтиёрий равишда пахта териш истагини билдирган водийликлар Жиззахга йўл олди

Ўзбекистонда кузнинг дастлабки кунларида барчанинг эътибори қишлоқ хўжалиги мавсумининг асосий мавзуси – пахта теримига қаратилади.  

Жорий йилда уни ўтказиш жараёнига теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга қаратилган янгиликлар ҳам киритилди. Айни дамда ишсизлар ва вақтинча ишсиз аҳоли орасидан ихтиёрий равишда теримчилар гуруҳлари (отрядлари) шакллантирилмоқда. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ишчи кучи ортиқча бўлган минтақалардан мамлакатнинг теримчиларга эҳтиёжи сезилаётган вилоятларга жўнатилмоқда. Терилган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча рағбат сифатида устамалар ўрнатилганлиги теримчиларга ўзига хос куч ва мадад бағишламоқда.

Қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёсига биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм маблағ тўланадиган бўлса, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида, шу жумладан, Жиззах вилоятида ҳам 1 килограмм пахта учун 200 сўмдан устама ҳақи берилмоқда. 

Айнан шу ҳудудларга 25 сентябрь куни Наманган ва Андижон вилоятларидан ихтиёрий равишда пахта теримида қатнашиш истагини билдирган фуқаролар дастлабки поездларда йўлга чиқишди. Иккита поезднинг биринчиси Наманган темир йўл вокзалидан жўнатилди. Унда 723 нафар пахта теримчилари ўзларига муносиб шарт-шароити яратилган дала марказларига етказилади. У ерда мамлакатнинг ҳозирги вазиятида риоя қилинаётган санитария меъёрлари ва гигиена талаблари ҳисобга олинган. Кунига 3 маҳал овқатланиш, теримчилар учун ишдан ташқари вақтларда маданий ҳордиқ чиқариш дастурлари ташкил этилади, ва, албатта, ишлаб топилган маблағларнинг ўз вақтида тўланиши устидан доимий назорат ўрнатилган. 

“Оила бюджетини тўлдириш ва қўшимча даромад олиш истаги билан Андижон вилоятининг 1055 нафар вакили ҳам Жиззах вилоятига йўл олди. Улар билан ҳам ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шу жумладан пахтачилар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ шартномалар тузилмоқда. 

Ушбу фуқароларга муносиб меҳнат ва яшаш  шароитлари, Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Paxtakor teks” кластер қўшма корхонаси томонидан яратилган”, - дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, тузилаётган гуруҳ (отряд)лар таркибида пахта хомашёсини териб олишда иштирок этишни истаган фуқаролар пахта йиғим-терими пайтида махсус очилган www.terim.uz ҳаволаси орқали рўйхатдан ўтишлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жойлардаги ҳудудий бўлинмаларига мурожаат этишлари ёки вазирликнинг (71) – 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин. 

Мавзуга оид