Давлат раҳбарининг 4 ноябрдаги табригида ушбу натижа Янги Ўзбекистон тарихидаги рекорд сифатида қайд этилди. Президент уни «пахтачилик соҳасидаги Янги Ўзбекистон мўъжизаси» деб атаб, деҳқонлар, фермерлар, агрономлар, сувчилар, механизаторлар, олимлар ва кластер ходимларига миннатдорлик билдирди.
Табрикда келтирилишича, кейинги йилларда чигит экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқартирилган. Ўтган даврда пахтачиликда ўртача ҳосилдорлик 21 центнердан 56 центнерга етиб, 2,7 карра ошган. Сув тежовчи технологиялар ҳисобига сув сарфи 1990 йилларга нисбатан икки баравар камайган.
Таққослаш учун, 2000 йилда мамлакатда 1,4 миллион гектар майдонга чигит экилиб, жами 3 миллион тонна пахта териб олинган.
Бу йил қарийб 400 минг гектар ерда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерга етган, салкам 70 минг гектарда эса гектаридан 100–110 центнергача ҳосил олинган. Мингга яқин фермер хўжалиги ва кластер ўртача 100 центнерлик ёки ундан юқори натижани қайд этган.
Пахтакор туманидаги Анорбой Эшматов ва Жарқўрғон туманидаги Улуғбек Сўпиев ҳар гектардан 110 центнердан ҳосил олган. Яна 4 мингдан зиёд фермер ҳосилдорликни ўртача 60–70 центнердан, 2,5 минг нафари эса 80 центнердан оширган.
Жиззах, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларида ўртача ҳосилдорлик 60 центнердан юқори бўлган. Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 10–15 центнерга ошган ва 400 минг тоннадан ортиқ пахта йиғиб олинган.
Туманлар орасида энг катта хирмон Косонда бунёд этилган — 110 минг тонна. Миришкорда 105 минг, Касбида 95 минг, Нишонда 90 минг тонна пахта терилган.
Президент маълумотига кўра, ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кунда йиғиб олинган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етган.
Табрикда рақамлаштириш ва дронлардан фойдаланиш орқали сарф-харажатлар икки баравар камайтирилгани ҳам таъкидланган. Шунингдек, молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш, тўлов интизомининг яхшиланиши, субсидиялашнинг такомиллаштирилиши ва суғурта тизимининг яратилиши натижаларга таъсир қилган омиллар сифатида кўрсатилган.
Келгуси йилда пахтадан ўртача ҳосилдорликни 65–70 центнерга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун серҳосил уруғлик навлари, агродронлар, сув ва энергия тежовчи технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши билдирилган.












