Ўзбекистон | 18:42 / 29.09.2020
37762
2 дақиқада ўқилади

Хонобод шаҳри ҳокими вафот этди

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев пневмониянинг навбатдаги қурбонига айланди.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Хонобод шаҳри ҳокими вафоти ҳақида хабар берган.

«Бугун, 29 сентябрь куни Андижон вилояти Хонобод шаҳар ҳокими Мамадалиев Мусажон Мўминжонович вафот этганлиги муносабати билан Андижон вилоят ҳокимлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига чуқур таъзия билдиради», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, у ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги касаллигидан вафот этган.

Сентябрь ойи ўрталарида Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев ва Пахтаобод тумани ҳокими Маҳмуджон Бозоров сентябрь ойи бошидан буён ишга чиқмаётгани маълум бўлганди. 

19 сентябрь куни Kun.uz сайтида Андижон вилоятида 4та ҳудуд ҳокими - Мусахон Мамадалиев ва Маҳмуджон Бозоровдан ташқари Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев ва Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов пневмонияга чалиниб даволанаётгани ҳақида хабар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев коронавирус асоратлари оқибатида вафот этганди. Июль ойида эса Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев коронавирус қурбони бўлганди.

Мавзуга оид