Ўзбекистонда келаси ҳафта бошидан ҳаво ҳарорати пасайиши кутилаётгани муносабати билан Энергетика вазирлиги метан-шохобчалар фаолиятига чеклов киритилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.

“Ўзгидромет”га кўра, 9–11 ноябр кунлари ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда қор ёғиши кутилмоқда. Тунги ҳарорат шимолда −7°C гача, бошқа айрим жойларда −1…−2°C гача пасайиши мумкин.

“Газ таъминотида хонадонлар, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларга устуворлик берилади.Зарурат туғилса, мавсумий истеъмолчилар, жумладан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин.Чекловлар ҳокимликлар билан келишилган, тасдиқланган графиклар асосида жорий этилади. Истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади”, – дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Мурожаат учун рақамлар

Вазирликнинг қўшимча қилишича, газ ёки электр билан муаммо бўлса, қуйидаги рақамларга сутканинг исталган вақтида мурожаат қилиш мумкин:

  • 1104 — газ босими ва таъминоти;
  • 104 — газ авария хизмати;
  • 1154 — электр узилишлари ва тармоқ носозликлари.

Ноқонуний уланиш ёки энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳақида Энергоинспекциянинг +998 71 208-10-15 рақамига хабар бериш сўралмоқда.

Хавфсизлик чоралари

Иситиш мавсуми бошланиши муносабати билан, аҳоли хавфсизлик чораларини кўришга чақирилди:

  • иситиш ва газ жиҳозлари, мўри ҳамда шамоллатиш йўлларининг созлигини текштиринг;
  • носоз жиҳозлардан фойдаланманг, газ плитасида хона иситманг — бу ис газидан заҳарланишга олиб келиши мумкин;
  • сим ва розеткаларга ортиқча юклама берманг, бир нечта юқори қувватли қурилмани битта узайтиргичга уламанг;
  • иситиш жиҳозларини ёқилган ҳолда назоратсиз қолдирманг.
“Тежамкорлик ҳам муҳим: кераксиз электр жиҳозларини ўчиринг, иситкичлардан меъёрида фойдаланинг ва уйдаги иссиқликни сақланг. Бу оилавий харажатларни камайтиради ва тармоқлардаги юкламани пасайтиради”, – дейилади Энергетика вазирлиги.