Ўзбекистон | 18:21 / 05.10.2020
8420
2 дақиқада ўқилади

Электрон чипта сотиб олган истеъмолчидан унинг қоғоз вариантини сўраш мумкин эмас - «Ўзбекистон темир йўллари» расмийси

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамкорлигида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг ижроси ҳолати муҳокама қилинди.

Муҳокамада сенатор Малика Кадирханова «Ўзбекистон темир йўллари»дан чипта сотишда ошкоралик йўқлиги, жаҳон тажрибасида бу нарса аллақачон ўз ечимини топгани, нега Ўзбекистонда бу масала ўз ечимини тўлиқ топмагани бўйича савол билан мурожаат қилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарма бошлиғи Умидулла Ибрагимов тизимда электрон хизматлардан фойдаланиш бошлангани тўғрисида маълумот берди.

«2019 йил 1 сентябрдан янги e-ticket тизими ишга тушишни бошлаганди. Бошида мижозларнинг сайт орқали мурожаат қилиши 15 фоиздан ҳам ошгани йўқ. Октябрь ойи ва ноябрь ойида 30 фоизлар атрофида бу хизматдан фойдаланди. Пандемия даврида бу хизматдан фойдаланиш 50 фоизга етказилди», деди у.

Шунингдек, у чипталар сотишда шаффофликка амал қилинаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Афросиёб поезди нархи бошқа давлатларнинг тезюрар поездларидан кўра арзонроқ. Шунинг учун унда жойлар танқис ва олдиндан брон қилиб қўйиш тартиби бор эди. Ҳозир бу тартиб олиб ташланган. Энди уни ҳеч ким олдиндан брон қилмайди. Ҳамма ўринлар сайтда очиқ қўйилган. Онлайн тарзда ҳам тўғридан тўғри чипталарни сотиб олиш мумкин.

Афросиёб поезди учун чипталарни онлайн сотиб олиш кассадан сотиб олганга қараганда 15-18 фоизгача арзонроқ бўлади. Бу фарқ кассир ойлиги ва инфраструктура солиқларини тўлаш ҳисобига вужудга келади», деди Умидулла Ибрагимов.

Шунингдек, сотиб олинган чипталарни онлайн қайтариш хизмати ҳам ишга туширилган.

«Бошида онлайн чипта сотиб олган одам уни аввал чиқариб олиши ва кейин поездга чиқиши керак эди. Ҳозир эса паспорт билан чиптани чиқариб олмасдан ҳам поездга чиқиш мумкин», дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид