“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди.
Қонуннинг 30¹-моддасига мувофиқ, давлат тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунчиликда белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари, молиявий ва бошқа турдаги имтиёзлар (моддий шаклдаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари), шунингдек, преференциялар (номоддий шаклдаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари) тўлиқ ҳажмда қўлланишини кафолатлайди.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган имтиёз ва преференциялардан фойдаланишни асослантирмасдан рад этиш, шунингдек, улардан фойдаланишга тўсқинлик қилиш тақиқланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан махсус платформада тадбиркорлик субъектларига бериладиган имтиёз ҳамда преференцияларнинг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.
Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёз ва преференциялар реестрини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Давлат томонидан тадбиркорлик субъектларига бериладиган имтиёз ва преференциялар якка тартибда (индивидуал) эмас, балки иқтисодиёт тармоқлари, соҳалар ёки ҳудудлар кесимида белгиланади. Бунда имтиёз ва преференциялар очиқ ҳамда шаффоф мезонлар асосида барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг шартларда қўлланиши шарт.
Эксклюзив ҳуқуқ берилган субъектлар рўйхати очиқланади
Эслатиб ўтамиз, 18 август куни давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқотида бизнесга бир қатор енгилликлар эълон қилинди. Электр ва газ учун олдиндан тўлов миқдори тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун 100 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиши, кичик бизнес устидан текширувларга 3 йиллик мораторий, молиявий жарималар миқдори ўртача икки баробар камайтирилиши ва давлат хизматларида “сукут – розилик” тамойилининг йўлга қўйилиши шулар жумласидан.









