Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 октябрь куни давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Мамлакатимизда ер ажратиш ва давлат кадастри соҳасида бир неча ўн йиллар мобайнида тизимли муаммолар тўпланиб қолгани сир эмас. Тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган. Бу соҳадан аҳоли ҳам, тадбиркорлар ҳам норози эди.

Шу боис жорий йил 7 сентябрда «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда соҳани илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш, ернинг ҳисобини тўлиқ юритиш ва рақамлаштириш бўйича комплекс вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди. Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш вазифаси мазкур агентликка, ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва назорат қилиш функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди.

Янги тизимга кўра, Кадастр агентлиги Солиқ қўмитаси таркибида ташкил этилгани бежиз эмас. Чунки бу соҳада солиқ базасини кенгайтириш учун катта захира бор.  

Мисол учун, яқинда Бўстонлиқ, Фурқат, Косон туманлари ва Урганч шаҳрида ўтказилган ўрганишларда жами 2 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти кадастр ва солиқ базаларида ҳисобга олинмагани аниқланган.

Шундай ҳолат ер майдонларида ҳам бор. Масалан, хатловлар натижасида 66 туманда 150 минг гектар қўшимча қишлоқ хўжалиги ерлари, шундан ҳисоботларга киритилмаган 28 минг гектар суғориладиган экин майдони борлиги аён бўлган. Умуман, 113 туманда ер фонди тоифалари ва турларининг аниқ ҳисоб-китоби бўлмагани оқибатида кўплаб захиралар йўқотилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда янги тизим асосида ишни ташкил этиш учун биринчи галда ер ҳисобини жойига қўйиб, тўлиқ шакллантириб олиш зарурлиги таъкидланди.

«Кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскирган. Улар мураккаб, тушунарсиз ёзилган. Бу эса коррупцияга йўл очиб берган. Бугун тизим тамомила ўзгариши керак. Асосий мақсад ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлашдир», деди президент.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарларига барча қишлоқ хўжалиги туманлари бўйича ер кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, Миллий геоахборот тизимига киритиш юзасидан кўрсатма берилди.