Жаҳон | 02:36 / 17.10.2020
9524
2 дақиқада ўқилади

Дунёни коронавирус сабабли янги инқироз кутаётганлиги айтилди

Жаҳон банкининг маълумот беришича, қашшоқ мамлакатлар 2020 йилда тўлаши керак бўлган қарзларнинг 60 фоизи Хитойга тўғри келади.

Фото: Reuters

Коронавирус пандемияси глобал рецессияни келтириб чиқарди, энди эса молиявий инқирозга ҳам сабаб бўлиши мумкин, деди Жаҳон банкининг бош иқтисодчиси Кармен Рейнхарт. Бу ҳақда Bloomberg ёзмоқда.

«Бу молиявий инқироз сифатида бошланмаганди, аммо эндиликда жиддий молиявий оқибатларга олиб келувчи кенг миқёсдаги иқтисодий инқирозга айланди», — деди у.

Рейнхарт G20 мамлакатлари 15 октябрь куни коронавирус сабабли қашшоқ мамлакатларнинг қарзларини тўлаш муддатини яна олти ойга, 2021 йил ўрталаригача узайтириш тўғрисида келишиб олганидан сўнг ана шундай баёнот берди.   

Ташкилотнинг маълумот беришича, қашшоқ мамлакатлар 2020 йилда тўлаши керак бўлган қарзларнинг 60 фоизи Хитойга тўғри келади. Қайд этилишича, Пекин ривожланаётган мамлакатларга шаффоф бўлмаган шартларда ва анча юқори фоизларда кўплаб миқдорда қарз берган. Рейнхарт Хитой шу билан бирга қашшоқ давлатларнинг қарз юкларини енгиллаштиришда қисман иштирок этаётганлигини қўшимча қилди. Аммо 16 октябрь куни Хитой марказий банки G20 таклифини қўллаб-қувватлашини эълон қилди, деб ёзади Reuters.

Аввалроқ коронавирус сабабли Замбия дефолт эълон қилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бу мамлакатнинг уч миллиард долларлик давлат облигацияларига эга бўлган инвесторлар Замбия ҳукуматининг тўловларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосига рози бўлишмаса юз беради.

Мавзуга оид