Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танқиддан сўнг бошланган ишлар. Қашқадарёда суғориш тизимлари қай тарзда созланмоқда?
Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Қашқадарё вилоятига қилган ташрифида янграган танқидлар сўнг вилоятда экинларни сув билан таъминлайдиган каналларни тозалаш ишлари бошлаб юборилди.

Нега айнан бир соҳанинг камчилиги баланд минбарларда айтилганидан кейингина маъсул шахслар бу муаммоларини бартараф қилиш учун қимирлаб қолишади? Нега улар бу камчиликларни бартараф этиш учун ўз вақтида чора кўришга уқувсиз ёки бўлмаса бепарво?
Нима бўлганда ҳам, ишга масъулият билан ёндашилганида, вилоятдаги 38 минг гектар ер майдонлари бугунги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолмас, 45 фоиз ерларнинг шўрланиб кетишининг олди олинган бўларди.
Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12–13 ноябр кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ҳолатини кескин танқид қилганидан кейин ҳам мазкур соҳадаги масъуллар етарли хулоса чиқармаган кўринади, чоғи.

Мисол учун, Қашқадарё вилоятида намунавий марказ сифатида Нишон тумани танлаб олинди. Ушбу туманда жами 30,6 км хўжалик каналлари, 2188 км ички суғориш тармоқлари мавжуд бўлиб, 2020 йил 1 сентябрдан 2021 йилнинг 1 апрелигача 28,5 км қисмини механизм билан тозалаш режалаштирилган.

17 ноябр ҳолатига кўра, бу режанинг 5,5 км қисмида тозалаш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, 680,5 км узунликдаги каналларни тозалаш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 106 км масофада ҳашар ташкил қилиниб, тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳашар ишларига турли ташкилотлардан 25 га яқин техника жалб қилинган. 500 дан ортиқ сув хўжалиги ходимлари таъмирлаш-тозалаш ишларига сафарбар этилган.
Лекин ўрганиш давомида намунавий ҳудуд сифатида танлаб олинган Нишон туманида ишлар бемақсад олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Агар вазият ўнгланмайдиган бўлса, кейинги йилнинг шу даврида 38 минг гектар яроқсиз ҳолга тушиб қолган дала майдонларига қўшимча яна бир неча минг гектар ерларнинг сифатига ҳавас қилиб бўлмаслиги ойдинлашиб бормоқда.

«Президент танқид қилди» дея, 500 нафардан ортиқ ишчиларни ҳашар ишларига бемақсад олиб чиқишдан бирор маъно бормикан?
Аввало вилоятда ирригация ва мелиорация ҳолатининг яхшиланишига ҳисса қўшадиган аниқ манзилли дастур ишлаб чиқилса, яроқсиз ҳолга келиб қолган ерлардан келгусида унумли фойдаланишига замин яратилган бўлмасмиди?
Қишлоқ хўжалигида вужудга келган муаммоларнинг бартараф этилиши, албатта, амалдорлардан кўра, оддий аҳолига кўпроқ фойдали бўлади. Шу боисдан ҳам ҳудуднинг табиий шароитидан келиб чиққан ҳолда манзилли ишлар олиб борилса, мазкур соҳада қилаётган ишлар якунда ўз самарасини кўрсатмай қолмайди.
Илёсбек Маҳмудов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026
Қашқадарёда ИИБ ходими пора билан ушланди
19:41 / 20.05.2026
Қашқадарёда 25 ёшли йигит сел оқизиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
08:20 / 20.05.2026