DW хабарига кўра, маҳаллий ҳокимият, «Киевводоканал» ҳамда «Укрэнерго» миллий энергетика компанияси таъминотдаги узилишлар ҳақида маълум қилган.

«Укрэнерго» юз берган ҳужумни Украина энергетикасига қилинган энг йирик ҳужумлардан бири деб баҳолаган. Компания маълумотларига кўра, Россия ўтган бир суткада энергетика объектларига 20 мартадан ортиқ мақсадли зарба берган.

«Киевда электр таъминоти билан боғлиқ вазият жуда мураккаб», — деган шаҳар мэри Виталий Кличко.

Унинг айтишича, сўнгги кунлардаги ҳужумлар оқибатида Киев минтақавий энергетика тизимидаги объектлар шикастланган. Шу сабабли «Укрэнерго» электр энергиясини фавқулодда тартибда ўчириш чорасини жорий этган.

Кличконинг билдиришича, вазият энг оғир бўлган туманларда аҳоли учун махсус исиниш пунктлари ташкил этилмоқда. У ерда одамлар исиниши ва телефон ҳамда бошқа қурилмаларини қувватлаши мумкин.

Киев шаҳар давлат маъмуриятининг маълум қилишича, 3 ноябр оқшомидан трамвай ва троллейбуслар ҳаракати тўхтатилган. Уларнинг айрим йўналишларида қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилган.

Трамвай ва троллейбуслар ҳаракатини энергетика тизимидаги вазият барқарорлашганидан сўнг тиклаш режалаштирилмоқда.

Метро эса хабар берилган пайтда одатдаги тартибда ишлаётган бўлган. Бироқ шаҳар маъмурияти унинг кейинги фаолияти ҳам энергетика тизимидаги вазиятга боғлиқ бўлишини билдирган.

Киевдан ташқари, Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилган. 3 ноябр кундузи Суми ва Полтава вилоятларида авариявий ўчиришларнинг махсус жадваллари жорий этилган.

Бундай тартибда истеъмолчиларга электр энергияси қанча вақт бўлмаслигини аниқ айтиб бўлмайди.

Украина Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ўша куни эрталаб электр таъминотидаги энг оғир вазият Винница, Житомир ва Харкив вилоятларида қайд этилган.

Шу вақтда Киев шаҳри, шунингдек, Киев, Полтава, Суми, Черниҳив, Черкасси ва Харкив вилоятларида авариявий электр узилишлари ҳақида хабар берилган.