Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг:
шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш мақсадида унинг ҳуқуқий мақомини ва қўллаш соҳасини белгилаш;
ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан катта ёшдагиларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар, шунингдек туманлар (шаҳарлар) марказларида умумий ўрта таълим муассасалари негизида имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
- ўзбек имо-ишора тилининг имкониятлари чекланган ва соғлом инсонлар ўртасидаги муқобил мулоқот воситасига айлантирилишини таъминлаш;
- ўзбек имо-ишора тилини келгусида янада ривожлантириш юзасидан истиқболдаги режаларни прогнозлаш орқали уни такомиллаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш;
- ўзбек имо-ишора тилининг алифбосини яратиш ва такомиллаштириш, имкониятлари чекланган шахсларнинг алифбо асосида билим олишларига кенг имкониятлар яратиш;
- ўзбек имо-ишора тили асосида ўқитиладиган таълим турларига қўйиладиган давлат таълим стандартлари ва давлат талабларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;
- таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнига ўзбек имо-ишора тилини ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини ҳамда таълим-тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;
- мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янгиланган ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилган имо-ишора тили бўйича ўқув-методик адабиётлар яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш;
- ўзбек имо-ишора тилининг жамиятдаги мавқейини ошириш орқали имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш.
Белгилаб қўйилишича:
- ўзбек имо-ишора тили эшитиши ва нутқида оғир нуқсони бўлган шахслар ҳамда улар билан соғлом шахслар ўртасида мулоқот тили сифатида Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида тан олинади;
- мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ўзбек имо-ишора тилидан мулоқот тили сифатида фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилади;
- ўзбек имо-ишора тили шахслар ўртасидаги мулоқот тили сифатида тегишли маълумот ва ихтисосликка эга бўлган мутахассислар томонидан ўзбек ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиниши мумкин.
Халқ таълими вазирлиги лотин ёзувидаги ўзбек имо-ишора алифбосини ишлаб чиқади ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб имконияти чекланган болалар учун таълим муассасаларининг ўқув жараёнига жорий этади.
Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
- коррекцион педагогика ва дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб, зарур таълим йўналишлари ва мутахассисликлари (сурдопедагогика, тифлопедагогика, олигофренопедагогика, логопедия) бўйича қабул квоталарини ошириш;
- ҳудудларнинг дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида дефектология таълим йўналишларига давлат грантлари асосидаги қабул квоталари улушини ошириш орқали мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритади.












