16:11 / 11.12.2020
4268

Ўзбекистон ва Ҳиндистон товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабр куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Саммит кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди. Шунингдек, жаҳондаги вазият ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Икки мамлакат етакчилари бир-бирларини қутлаб, ушбу онлайн-тадбир Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилганининг далили, пандемия оқибатларини самарали енгиб ўтиш учун маслаҳатлашиб олиш ва биргаликда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олиш учун имконият эканини таъкидлади.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар ва амалий саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда катта ютуқлар қўлга киритилгани, ушбу шериклик аниқ амалий мазмун билан бойигани қайд этилди.

Бош вазир Нарендра Моди давлат раҳбарини Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан табриклаб, ушбу ютуқ мамлакатда амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг халқаро эътирофи эканини таъкидлади.

Музокаралар чоғида давлат етакчилари сиёсий соҳада тизимли, ишончга асосланган мулоқотни давом эттириш, жумладан, икки мамлакат ташқи сиёсат идораларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш ва улар ўртасидаги ҳамкорликнинг ўрта муддатли дастурини қабул қилиш муҳимлигини қайд этдилар. Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи илгари сурилди.

Савдо-иқтисодий алоқаларда асосий мақсад сифатида яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Ўзаро савдонинг ортиши учун қулай шароитлар яратиш, бу йўлдаги техник тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олинди.

Самарали транспорт йўлаклари ва логистика инфратузилмасини шакллантириш, авиақатновларни тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, жумладан, Ҳиндистоннинг етакчи ташкилотлари илғор технологиялари, техник кўмаги ва имтиёзли молиявий ресурсларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, инновациялар, муқобил энергетика, фармацевтика ва тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, космик тадқиқотлар устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди, шунингдек, Андижон вилояти ва Гужарат штатининг муваффақиятли шериклиги мисолида ҳудудлараро алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди.

Гуманитар соҳада томонлар таълим ва кадрлар тайёрлаш, кинематография, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни ривожлантириш, миллий маданият ва тилни ўрганиш, тарихий мерос объектларини реставрация қилиш борасидаги қўшма дастурларни қўллаб-қувватлайдилар.

Ўзбекистон ҳудудларида “Аюрведа” ҳинд табобати анъанавий тизими ва телемедицинани жорий этган ҳолда замонавий тиббиёт марказларини ташкил этиш таклиф этилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистон йога федерацияси фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган бўлди.

Саммит давомида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хатарларга қарши курашишнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Яқиндан мувофиқлашув ва ахборот алмашинувини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини билдирди.

Учрашув якунида президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Нарендра Модига келгуси йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни яна бир бор таклиф этди.

Саммит якуни билан томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин дўстлик ва мустаҳкам шериклик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.

Бундан ташқари, учрашув доирасида иқтисодиёт, инновациялар, молиявий-техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Top