10:11 / 16.12.2020
3298

Лондонда COVID-19 бўйича чекловларнинг максимал даражаси жорий қилинди 

Шаҳар мэри Содиқ Хоннинг сўзларига кўра, чекловлар «бизнес учун умидсизликни келтириб чиқармоқда», аммо COVID-19’га қарши эмлаш бошланган бир пайтда «бундан ҳам кўпроқ одамни йўқотиш фожиа бўлади».

Фото: Getty Images

16 декабр кунидан бошлаб Буюк Британия пойтахтида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ чеклов чораларининг учинчи, максимал даражаси амал қилади. Шаҳар мэри Содиқ Хоннинг 14 декабр куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, касалланиш ҳолатларининг кўпайиши сабабли жорий этилаётган тўлиқ локдаун бизнес ва одамлар учун оғир зарба бўлади.

«Лондон бизнеси ва иқтисодиётимиз учун янги йилда яна бир локдауннинг жорий этилиши ёмон бўлади. Шунинг учун мен лондонликларни ҳукумат ўрнатаётган учинчи даражадаги қоидаларга қатъий риоя қилишга чақираман, шунда биз касалланиш даражасини нисбатан камайтиришимиз мумкин», - деди Хон. 

Янги чеклов чоралари умумий овқатланиш муассасалари: бар, кафе ва ресторанларга таъсир кўрсатади. Уларга мижозларни қабул қилиш тақиқланди, муассасалар фақат таомни олиб кетиш ва етказиб бериш режимида ишлаши мумкин. Шунингдек, оммавий тадбирлар тақиқланди. Шаҳар боғларида фуқаролар ижтимоий масофани ҳисобга олган ҳолда олти кишидан ортиқ бўлмаган тарзда тўпланиши мумкин. Ноозиқ-овқат дўконлари, гўзаллик салонлари ва спорт заллари ўз фаолиятини давом эттиради. 

Хон, шунингдек, бизнесни давлат томонидан кўпроқ қўллаб-қувватлашга чақирди. «Вазирлар ушбу муҳим даврда қўшимча чекловларга дуч келган корхоналар учун ўтган йилги даромадлари асосида тўлиқ йўқотган даромадларини қоплаш схемасини тезкорлик билан жорий этиши шарт. Ҳукумат ўзини ўзи яккалаб қўйишга мажбур бўлган ишчиларга қонун билан белгиланган касаллик бўйича нафақаларни тўлиқ тўлаши ва очиқ жамоат жойларида ниқоб тақишни мажбурий қилиб қўйиши керак», - дейилади шаҳар мэри мурожаатида.

Шаҳарда бир кунда 5000-5500та янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Лондонда жами 206 500та COVID ҳолати қайд этилди. Буюк Британия пойтахтидаги касалхоналарда COVID билан касалланган 2330 бемор даволанмоқда, бир кунда 13 киши вафот этди. 

5 ноябрдан 2 декабргача Англияда қаттиқ локдаун амал қилди. Фуқаролар ўз уйидан фақат зарурат бўлганда чиқиши мумкин эди. Чакана савдо дўконлари, кўнгилочар марказлар ва спорт заллари, театрлар, музейлар, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ёпилди. Ресторан ва паблар олиб кетиш ҳамда етказиб бериш режимида ишлади, меҳмонхоналар ва ётоқхоналарга фақат иш бўйича сафар қилаётганларни қабул қилишга рухсат берилди. Диний ташкилотлар фаолияти чекланди, тўй ўтказиш тақиқланди. 

Университетлар, мактаблар, коллежлар хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда одатдагидек ишлашни давом эттирди. 

Бош вазир Борис Жонсоннинг аниқлик киритишича, умуммиллий карантиндан кейин расмийлар маҳаллий чекловлар тактикасига ўтади. Эпидемиологик вазият ва чекловларнинг оғирлигига қараб минтақалар уч турга бўлинган. 

Top