Иқтисодиёт | 15:17 / 21.12.2020
11569
3 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонда янги газ-кимё мажмуаси қуради

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги делегациясининг хизмат сафари давомида жорий йилнинг 13-15 декабр кунлари Россия пойтахтида миллий ёнилғи-энергетика комплексини янада ривожлантиришга оид истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор битимлар имзоланди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, «Сибур Холдинг» ОАЖ, «Газпромнефть» ОАЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида МТТ технологияси бўйича газ-кимё комплексини яратиш ва Шўртан ГКК ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришга оид лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзоланди. Мазкур битимларнинг имзоланиши Россия етакчи компанияларини жалб қилиш имконияти, шунингдек уларнинг углеводородларни чуқур қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги тажрибасини ўрганиш имконини беради.

«ИКС Холдинг» компанияси ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида энергетика тармоғини рақамлаштириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланди. Мазкур шартнома доирасидаги ишларни амалга ошириш, шунингдек барча тегишли компаниялар учун ягона вектор бўйича ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришни тартибга солинишига олиб келади, бу АКТ лойиҳаларини амалга ошириш қиймати ва самарадорлигини сезиларли равишда қисқартириш имконини беради.  

«ВЭБ.РФ», «Газпромбанк» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида қиймати 100 млн. доллар бўлган 2017-2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш бўйича дастурнинг II босқичини молиялаштириш бўйича битим имзоланди. Мазкур битим имзоланиши натижасида углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш бўйича дастурнинг II босқичини жадал молиялаштириш ташкил этилади, бу Ўзбекистон эҳтиёжлари учун углеводородлар қазиб олиш ҳажмини оширишни таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, «ВЭБ.РФ» ва «Jizzakh Petroleum» ҚК ўртасида қиймати 100 млн. доллар бўлган 2020-2030 йилларда нефт ҳажмини ошириш дастурини амалга ошириш учун Россия асбоб-ускуналари ва хизматларини экспорт қилишни молиялаштириш бўйича битим имзоланди.

«ВЭБ.РФ» давлат ривожланиш корпорацияси ва «Ўзтрансгаз» АЖ ўртасида газтранспорт тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, шунингдек «Ўзтрансгаз» АЖ бўлинмалари учун авария ва махсус техникаларни янгилаш ва бутлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.  

Мазкур лойиҳаларнинг имтиёзли шартларда молиялаштириш асосида амалга оширилиши газтранспорт инфратузилмасидан фойдаланишда хавфсизлик шароитларини яхшилаш, аҳолини табиий газ билан таъминлаш ишончлилигини ошириш, шунингдек аварияларни бартараф этишда табиий газ билан боғлиқ йўқотишлар ҳажмини қисқартириш имконини беради.  

«ЭКСАР», «Eriell» ва ЧТПЗ гуруҳлари ўртасида қиймати 75 млн. долларгача бўлган Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар учун қувурлар етказиб бериш бўйича келишув имзоланди.  

Шунингдек, «Ўзтрансгаз» томонидан «Российский экспортный центр» АЖ билан Ўзбекистон газтранспорт тармоғини модернизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун имтиёзли молия манбаларини жалб қилиш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид