Тегишли файл АҚШнинг етакчи тадқиқот компаниялари томонидан қўлга киритилган ва BBC News’га тақдим қилинган. Илгарироқ Huawei унинг технологияларидан ҳеч бири этник гуруҳларни аниқлаш учун мўлжалланмаганини айтган эди. Энди эса, патентни рўйхатдан ўтказяпти.

Мажбурий меҳнат лагерлари

Компанияга бу ҳужжат Хитой миллий интеллектуал мулк маъмуриятидан (CNIPA) хитой тилидаги ҳужжатдаги уйғурларга берилган ҳаволани ўчириб ташлашни сўраши учун керак.

Уйғурлар – Хитойнинг шимоли-шарқидаги Шинжон провинциясида истиқомат қилувчи, асосан мусулмонлардан иборат бўлган миллат ҳисобланади.

Хитой ҳукумати уйғурларга қарши юқори технологик кузатувлар олиб бориш ва уларни фарзандлар ота-оналаридан ажратиладиган мажбурий меҳнат лагерларига жўнатишда айблаб келинмоқда. Расмий Пекин эса лагерлар кўнгилли таълим ва малака ошириш учун ташкил қилинганини айтиб келади.

«Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлигининг видеокузатув тармоқларига қўйган техник талабларидан бири – миллатни, хусусан, уйғурларни аниқлаш ҳисобланади. Дунёда одамлар миллатига қараб кузатилиши ва таъқиб қилиниши мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат, Хитойда эса уйғурларнинг дастаги йўқлиги учун улар кўп жабҳаларда қаттиқ дискриминацияга учраётгани жавобсиз қолиб кетяпти», дейди Human Rights Watch вакили Мая Ванг.

Тана ҳаракатлари

Huawei патентни аслида 2018 йилнинг июлида Хитой Фанлар академияси билан биргаликда қўлга киритганди. Унда кўчада расми ё видеоси олинган пиёдаларнинг турли жиҳатларини ўрганувчи сунъий интеллектдан фойдаланиш йўллари кўрсатилганди. Унда диққат тананинг турли ҳолатларини аниқлашга берилади. Масалан, кимдир ўтирибдими ёки турибдими – аниқликда айтиб бера олади. Аммо ҳужжатда шахсларга эътибор қаратилиши мумкин бўлган атирибутлар қаторига «ирқ» деган категория ҳам қўшилган.

Компания матбуот котиби эса бу ҳисобга олинмаслиги кераклигини айтган.

«Huawei дискриминациянинг ҳар қандай турига қарши, шу жумладан, этник дискриминация характеридаги технологияга ҳам. Шахсларнинг ирқини аниқлаш ҳеч қачон изланиш ва тараққиёт лойиҳасининг бир қисми бўлмаган.

Бу ҳеч қачон амалда қўлланмаслиги керак ва биз буни бартараф этиш йўлида фаол иштирок этамиз. Биз меҳр ва бирдамлик билан ишлаб чиқиладиган ва татбиқ қилинадиган янги ва ривожланишдан тўхтамайдиган технология устида ишлашни давом эттирамиз», деган у.