Ўзбекистон | 17:19 / 18.01.2021
45662
3 дақиқада ўқилади

2020 йили Ўзбекистон аҳолиси орасида кузатилган ўлим ва унинг сабаблари маълум қилинди

Статқўм Ўзбекистоннинг демографик ҳолати бўйича маълумотларни эълон қилди. Унда 2020 йилда кузатилган ўлимлар ва унинг сабаблари ҳам келтирилган.

Фото: Motortion Films / Shutterstock

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилги Ўзбекистон Республикасининг демографик ҳолати бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Статқўм маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, 34 миллион 558,9 минг кишини ташкил этади. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 17 миллион 487,5 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6 фоиз), қишлоқ аҳолиси сони 17 миллион 71,4 минг киши (49,4 фоиз)ни ташкил этди.

Таъкидланишича, 2020 йилда 841,8 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 24,6 промиллени ташкил этди ҳамда 2019  йилга нисбатан 0,3 промиллега ошганлиги кузатилди (2019  йилда 24,3 промиллени ташкил этган).

Маълумот учун, тирик туғилганлик мезонларидан (нафас, юрак уриш, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёр қисқариши) бири мавжуд бўлса, бола тирик туғилган ҳисобланади. Бунда онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, боланинг бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиши лозим.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, ҳудудларнинг республика жами аҳолиси сонидаги улуши бўйича энг кўп кўрсаткич Самарқанд вилоятида 11,4 фоизни, кейинги ўринларда Фарғона вилояти 11,1 фоизни, Қашқадарё вилояти 9,7 фоизни ва Андижон вилояти 9,2 фоизни ташкил этган.

Жорий йил бошига кўра, республика доимий аҳолиси сонининг 31,0 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ҳисоботда 2020 йилда 175,6 мингта ўлим қайд этилгани маълум қилинди. Унга кўра 2020 йилда 21 минг «ортиқча ўлим» қайд этилган - 2019 йилда ўлим ҳолатлари сони 154,6 мингтани ташкил этган. Шунда, ҳар 1000 аҳолига ўлим коэффициенти 5,1 промиллени ташкил этган ҳамда 2019 йилга нисбатан 0,5 промиллега ошганлиги кузатилди (2019 йилнинг январ-декабр ойларида 4,6 промилле бўлган).

 

Таъкидланишича, 2020 йилда қайд этилган ўлим ҳолатининг 60,0 фоизи – қон айланиш тизими касалликларидан, 8 фоизи – ўсимталардан, 7,2 фоизи – нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,4 фоизи – овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,4 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,4 фоизи – юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 11,6 фоизи – бошқа касалликлардан вафот этган.

Мавзуга оид