15:42 / 28.01.2021
8553

Toyota автомобил сотиш бўйича дунёда биринчи ўринга қайтди

Ўтган тўрт йил давомида Volkswagen автомобил сотиш бўйича биринчиликни бермай келаётганди.

Фото: AP

2020 йилда дунё бўйича Toyota бренди остида 8,692 млн дона автомобил сотилди, деб маълум қилинмоқда компания ҳисоботида. Daihatsu ва Hino шуъба брендлари ҳам ҳисобга олинганда компания жами 9,528 млн дона автомобил сотган, бу унга автомобил сотиш бўйича етакчиликни қайтариб олиш имконини берди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Ўтган тўрт йил давомида Volkswagen автомобил сотиш бўйича биринчиликни бермай келаётганди. Аммо 2020 йилда Volkswagen 9,3 млн дона машина сотди, бу 2019 йилдагига нисбатан 15,2 фоизга кам.

2020 йилда Toyota автомобиллари сотуви 10,5 фоизга, Daihatsu ва Hino ҳам ҳисобга олинса, 11,3 фоизга пасайган. Toyota ҳисоботида айтилишича, компания автомобиллари сотуви 9 йил ичида илк марта қисқарган.

Компаниянинг маълумотига кўра, 2020 йилда Лотин Америкасидаги савдолар 31,2 фоизга пасайган. Барча мамлакатлар ичида энг катта пасайиш Индонезияда юз берган — бирданига 44,7 фоиз.

Top