2020 йилнинг 21 июлида эса у ўзи муассис бўлган оилавий корхонасининг Халқ банки Зангиота филиалидаги ҳисоб рақамига ҳеч қандай ҳужжатларсиз 991,3 млн сўм ўтказган. Шу йўл билан қарийб 1,2 млрд сўм маблағ ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани айтилмоқда.

Прокуратурага кўра, жиноий қилмиш аниқланган вақтда бош ҳисобчи лавозимидан бўшаб кетган. У жамғармада икки йил фаолият олиб боргани маълум қилинди.

Тошкент вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси Арслонбек Тошпўлатовнинг айтишича, ҳозир ҳолат юзасидан Зангиота туман прокуратураси дастлабки терговни олиб бормоқда. У тергов якуни бўйича ОАВга хабар берилишини қўшимча қилди.

Ҳолат юзасидан «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ҳам баёнот берди. Унда собиқ бош ҳисобчи жамоа ўртасида мунтазам равишда носоғлом муҳитни юзага келишига сабабчи бўлгани учун ишдан бўшатилгани, ҳолат суд орқали ҳам ўз тасдиғини топгани таъкидланади.

Маълум бўлишича, жамғарма томонидан бош ҳисобчининг фаолияти ўрганилганда ушбу камомад аниқланган ҳамда тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилган.

«Бугунги кунда қарийб 500 млн сўм ундирилган ва мол-мулклари хатловга олинган», – дейилади жамғарма ахборотида.