Ўзбекистон | 02:11 / 19.03.2021
25713
3 дақиқада ўқилади

Президент – Тошкент вилоятида. Ташрифнинг илк кунидан фотожамланма

Президент Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги ташрифи Тошкент вилоятига бўлди. Давлат раҳбари ташрифнинг биринчи кунида Чиноз, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларига борди, Чирчиқ шаҳри маҳаллаларида аҳоли билан кўришди.

Фото: KUN.UZ

Ташриф Чиноз туманидан бошланди. У ерда президент сув хўжалигида амалга ошириладиган ишлар билан танишди. Шавкат Мирзиёев ердан унумли фойдаланиш ҳақида ҳам гапираркан: «Экишдан олдин сотишни ўйлаш керак. Ерни тадбиркорга бериш зарур, чунки бозорни билади, рақобатни билади», деди.

Шавкат Мирзиёев Чиноз туманининг Эшонобод маҳалласида ҳам бўлди. У ерда президент Тошкент вилоятида ичимлик суви, электр энергияси тармоқлари, йўл ва бошқа шароитларни яхшилаш учун 119 триллион сўм йўналтирилишини айтди. «Ҳеч бир вилоятда бу қадар катта марра олинмаган», деди президент.

Шундан сўнг Мирзиёев Қуйи Чирчиқ туманидаги «TCT Cluster» кластери томонидан қурилган шолини қайта ишлаш заводига борди. У ерда давлат раҳбари навбатдаги марта журналистлар билан учрашди.

ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида кутилмаган савол янгради. Интернетда Шоввозсойда гўёки ҳукумат учун дам олиш маскани қурилгани ҳақида шов-шувлар тарқалганди. Президент бу ҳақдаги саволга жавоб бераркан, жумладан шундай деди:

«Бу – «Ўзбекистон темир йўллари»нинг давлат корхонаси. Ҳеч ким у ерда туриб, яшаб ёки бировга ўтказилгани йўқ. У давлатнинг жойи. Президентнинг нима алоқаси бор? Президент ҳам агар қандайдир мартабали, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган инсон келса, боради.

Айтмайсизларми, президент билан биз пиёда юрамиз, сизлар ҳам келиб, бир марта пиёда юриб кўринглар, кейин президент 5 йилда неча марта дам олибди экан, деган саволни нега бермайсизлар?»

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда президент ўзи ҳақидаги миш-мишларга аниқлик киритиши ҳолати аввал кузатилмаган.

Шавкат Мирзиёев кун охирида Чирчиқ шаҳрига ҳам борди ва у ерда кўп қаватли уйлар қурилиши билан танишди. Бундан ташқари, президент бу гал ҳам маҳаллаларда юриб, одамлар билан суҳбатлашди.

Давлат раҳбари Чирчиқ шаҳридаги Ифтихор ва Лола маҳаллаларини айланиб, аҳоли муаммолари билан қизиқди, уларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берди. Ногирон фарзанди бор хонадонга кириб, болага имкон қадар ёрдам беришини айтди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Юқори Чирчиқ туманидаги қурилиш материаллари кластерида ҳам бўлди. Шу ерда, 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Kun.uz фотомухбири ташриф жараёнларидан фотожамланмани тақдим этади.

Мавзуга оид