Станциянинг 2 та янги буғ-газ қурилмаси Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering» ва «Hyundai Engineering & Construction» компаниялари консорциуми томонидан ўрнатилган.

Пудратчи томонидан қурилиш-монтаж ишлари 100 фоизга бажарилган бўлиб, ўрнатилган ускуналар Aмериканинг «GE» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.

«Тахиатош» ИЭС директори Фахриддин Халиллаевнинг айтишича: «Агар илгари 1 кВт/соат электроэнергияни ишлаб чиқиш учун 430 гр газ сарфланган бўлса, айни вақтда янги технологиялар туфайли сарфланаётган газ миқдори 250 гр ни ташкил этмоқда» (газнинг қарийб 40 %и тежаб қолинмоқда).

Пресс-тур давомида «Тахиатош» ИЭС буғ-газ қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича катта устаси Қудрат Aбдуллаев станция қандай ишлаши, янги ва эски станциядаги фарқли жиҳатлар, шунингдек Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм электр энергияси билан тўлиқ таъминланиши борасидаги саволларга батафсил жавоб берди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 млн AҚШ долларини ташкил қилади. Шундан:

  • 300 млн АҚШ доллари Осиё тараққиёт банкининг инвестиция маблағлари;
  • 230,7 млн АҚШ доллари Ўзбекистон «Тикланиш ва тараққиёт» жамғармасининг кредит маблағлари;
  • 27,3 млн АҚШ доллари «Ўзбекэнерго» маблағлари;
  • 120,2 млн АҚШ доллари Ўзбекистоннинг лойиҳани қўллаб-қувватлашдаги улуши ҳисобланади.

ИЭСнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, янги жорий этилаётган иккита буғ-газ қурилмасининг ишга тушиши билан станциянинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари қуйидагича бўлади:

  • станциянинг ўрнатилган қуввати 730 МВт дан 1000 МВт гача ошади;
  • йиллик ишлаб чиқариладиган электр энергия миқдори 3,0 млрд кВт соатдан 3,6 млрд кВт соатгача ошади;
  • 1 кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 170,36 гр/кВт соатга камаяди. Бу билан бир йилда 488,6 млн м3 табиий газ тежалишига эришилади;
  • йиллик сув сарфи 293 млн м³га камаяди ва йилига 159 млн м³ни ташкил қилади;
  • азот оксиди чиқиндиси 3,5 баробар камаяди;
  • атмосферага чиқадиган ялпи чиқиндилар 5,1 баробар, йилига 3056,674 тоннага камаяди;
  • ИЭС чиқиндилари билан атмосферани ифлослантириш даражаси 3,2 баробар камаяди;