Бу иллатнинг икки азим дарё оралиғида истиқомат қилиб, дунё тамаддунига кўп даҳолар етиштириб берган юртимизда юзага келгани ачинарли ҳол. Бунинг учун ҳар биримиз, айниқса, ноаҳил тилшуносларимиз айбдор, деб ҳисоблайман. Янада очиқроқ айтсам, айрим тилшунослар баҳс-у мунозараларда ўзгалар фикри асослироқ эканлигига ишонч ҳосил қилсалар-да, барибир «қайсарлик» қилаверадилар.

Мен – тилшунос эмасман, лекин 40 йиллик педагогик фаолиятим давомида оригинал ўқув адабиётлари яратиш устида ҳам меҳнат қилганман. Хусусан, олий ўқув юртлари талабалари учун 3 жилдлик «Физика курси» дарслиги, «Физикадан русча-ўзбекча қисқача луғат», абитуриентлар учун «Физика», «Физикадан тест намуналари ва изоҳлари» шулар жумласидандир. Қайд этилган адабиётлар ҳақида китобхонлар-у мутахассислар томонидан кўп яхши фикрлар билдирилган. Шу боис тилшуносларимиз билан мулоқот қилишга ва ўз фикрларимни баён этишга ҳақлиман, деб ўйлайман.

Аввало, хотирамда сақланиб қолган бир лавҳани баён этмоқчиман. Совет иттифоқи қулаши арафасида қадимда қўлланган баъзи физикавий ўлчов бирликларини аниқлаштириб олиш мақсадида таниқли шарқшунос олим, академик Убайдулла Каримовнинг уйига боргандим. Устоз бир неча шогирди билан суҳбатлашаётган экан. Мен ҳам даврага қўшилдим.

Суҳбат қатнашчилари: «Буюк аждодларимиз асарлари, тарихимизга оид рисолалар ва қўлёзмалар араб ёзувида битилган. Замондошларимиз ва кейинги авлодларимиз бу манбалардан бохабар бўлишлари учун Ўзбекистонда араб ёзувига ўтишимиз керак», деган фикрни билдиришди.

Суҳбат якунида академик ўз фикрларини қуйидагича баён этдилар: «Фикрларингизда ватанпарварлик, маърифатпарварлик туйғулари уфуриб турибди. Лекин биз — шарқшунослар умумтаълим мактабларида араб ёзувини факултатив дарс сифатида ўрганишни ташкил қила олсак, сиз билдирган фикрларни амалга ошириш йўлида катта қадам ташлаган бўламиз. Фикрларингизни буткул инкор этмайман. Ëзув ислоҳ қилиниши керак. Бу фикрни бошқа соҳа вакиллари билан муҳокама қилиб пишитиш керак. Араб ёзувига ўтиш керакми ёхуд лотин ёзувининг аслига яқинлашган ўзбек ёзувини вужудга келтириш керакми? Ўйлайлик, ҳар томонлама фикрлайлик...»

Алломанинг бу сўзларини охирги вақтларда тез-тез хотирлайман. Чунки биз  лотин алифбосини жорий қилаётганда шошқалоқлик қилиб ёзув ислоҳотини боши берк кўчага киритиб қўйдик ва кейин кўп вақтимизни бир-биримизни айблашга сарфладик.

Майли, энди «Ўтган ишга ўкинма», деган халқ мақолига риоя қилиб келажак ҳақида ўйлайлик.

Минг шукрки, яқинда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Лойиҳа билан танишдим — тўрт йил аввал ёзувимизни ислоҳ қилиш устида фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳга тақдим этган таклифларим лойиҳага деярли мос келганини кўриб хурсанд бўлдим. Қисқача таҳлил қиламан.