Охирги вақтда оммалашаётган ошқозон кесиш операциялари блогер Кокош ва ундан аввалроқ актриса Ҳалима Ибрагимова билан боғлиқ ҳолатларда аянчли оқибатларини кўрсатди. Kun.uz бу амалиётнинг хатарлари, психологик сабаблари ва оқибатларини ўрганди.

Бугун ортиқча вазндан халос бўлиб, оғир операция орқали бўлса-да чиройли қоматга эга бўлиш урфга айланди. Бу эса “оздириш бизнеси”ни келтириб чиқарди. Instagramʼда диетология ва косметология курслари, оздирувчи дорилар бизнеси миллионлаб даромад келтирмоқда. Рекламаларда бунинг фақат ёрқин тарафи кўрсатилади. Унинг хатарлари, психологик сабаблари ва оқибатлари ҳақида билмаймиз. Яқинда вайнер Кокошнинг операциядан кейинги ҳолати, ундан аввалроқ актриса Ҳалима Ибрагимованинг ўлими бу ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилади.

Таниқли шахслар билан келиб чиққан бу муаммо оддий одамлар орасида ҳам бор. Kun.uz шундай операцияни бошдан кечирган икки нафар аёл билан боғланди.

Дилором, 32 ёшда.

Операция қилдирганига: 1,5 йил бўлди.

“Умрим мобайнида ўзимни ёмон кўриб яшадим. Ҳамма мени ‘бўғирсоқ’ деб атаган. Турмуш қурдим, фарзандли бўлдим, лекин кўнглимда доим ўша оғриқ бор эди. Бир куни Instagram’да бир блогерни кўрдим — “ошқозон операцияси”дан кейин қандай ўзгарганини кўрсатган. Шу заҳоти қарор қилдим: мен ҳам шундай бўлишим керак!

Операциядан кейин ҳаётим кескин ўзгарди. 30 килограммга оздим. Лекин... мен ўзимни ҳали ҳам яхши кўра олмадим. Қўрқув, тушкунлик, овқатдан қочиш — ҳар куни мен билан бирга. Энди тушуняпман — муаммо вазнимда эмас, ўзимни қабул қилмаганимда экан”.

Азиза, 27 ёшда.

Операция қилдирганига: 8 ой бўлди.

“Мен реклама компаниясида ишлайман. Ишга олишганда биринчи савол шундай бўлган: “озиш ниятингиз борми?” Шу саволдан кейин ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим, негадир миямга шу нарса ўрнашиб олди. Кейин операцияга пул тўплай бошладим. 2024 йил февралда операция қилдирдим. Илк ойларда ўзимни ажойиб ҳис қилдим. Оздим, идеал қоматимга кўйлаклар мос кела бошлади. Лекин кейин... жигарим яхши ишламай қолди. Темир етишмовчилиги. Шамоллашдан бошим чиқмай қолди. Ишонасизми, кун давомида қайси витаминимни қайси пайтда ичишим кераклигини ўйлаб юраман. Чунки шуни ичмасам, мазам қочади. Ўйлаб қоламан – эркин яшашимга нима халал бераётган эди олдин деб. Ҳар нарсанинг нархи бор экан. Меники — соғлиғим бўлди”.