Жаҳон | 12:30 / 24.03.2021
2743
2 дақиқада ўқилади

Pfizer коронавирусга қарши таблетка кўринишидаги дорини одамларда синовдан ўтказишни бошлади

АҚШнинг Pfizer компанияси коронавирусга қарши таблетка кўринишидаги янги воситани одамларда синовдан ўтказишни бошлади. 

Компанияда таъкидланишича, агар синовлар муваффақиятли ўтса, воситани касалликнинг эрта босқичида вирус кўпайишини тўхтатиш учун қўллаш мумкин бўлади. 

Pfizer бош илмий ходими Микаэл Долстеннинг таъкидлашича, ҳозирча синовлар вақтида ҳеч қандай муаммолар юзага келмаган ва натижалар бир неча ҳафта ичида олиниши мумкин.

Агар барчаси яхши кечса, компания йилнинг 2-чорагида синовларнинг 2- ва 3-босқичларини бошлаши мумкин. Бу эса Pfizer’га йил охиригача воситани фавқулодда қўллаш учун рухсат олишга ариза беришига имкон беради. 

Восита муаллифларининг таъкидлашича, янги дори вируснинг кўпайиши олдини олиш учун протеаза деб номланган фермент билан бирикади.

Таъкидланишича, шунга ўхшаш воситалар ОИВ ва гепатит С’ни даволашда муваффақиятли қўлланади.

Синовлар вақтида воситанинг хавфсизлиги ва ўзлаштирилиши баҳоланади. Бундан ташқари, компания томирга киритиладиган воситани ҳам синовдан ўтказади. Ушбу восита билан касалликнинг оғир босқичидаги беморларни даволаш режалаштирилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид