Жаҳон | 11:56 / 30.04.2021
6754
4 дақиқада ўқилади

Испания: «Тахтлар ўйини» фильмининг олтинчи мавсуми олинган саҳналар бўйлаб саёҳат (фото)

«Тахтлар ўйини» фильми ҳақида эшитмаган киши бўлмаса керак. Фильмнинг олтинчи мавсумидаги бир қанча саҳналари Испаниянинг биз яшаб турган Жирона шаҳрида тасвирга олинган.

Бугун Жиронанинг олтинчи мавсум саҳналари тасвирга туширилган қисмлари бўйлаб саёҳат қиламиз.

1. Буюк Бейлор септаси – Жирона собори.

Фильмдаги Буюк Бейлор септаси (ибодатхона) – реал ҳаётда эса Жирона собори уйимиздан атиги 1,4 км узоқликда жойлашган. Жирона собори қурилиши 11-асрда бошланган ва 18-асрда тўлиқ якунланган.

Мазкур собор дунёдаги готика услубида қурилган энг кенг нефга (тўртбурчак шаклдаги ички хона) эга – эни 22 метр. Собор эски шаҳар марказида жойлашгани сабабли унинг атрофида ҳам турли қадимий иншоотларни кўриш мумкин.

Жирона собори, олд томондан кўриниши

«Тахтлар ўйини»нинг 6-мавсумида қиролича Маргерининг бадномлик юришининг олдини олиш учун Жейми Тирелл аскарлари билан етиб келади. Шу саҳнада соборнинг олд томони Буюк Бейлор септаси сифатида тасвирга олинган.

Бадномлик юришининг олдини олиш учун Тирелл аскарлари билан Буюк Бейлор септасига етиб келган Жейми, «Тахтлар ўйини», олтинчи мавсум. Фильмда соборнинг олд томони компьютер графикаси ёрдамида ўзгартирилган.

Юқорида тилга олинган саҳна суратга олинган жой – Жирона собори кўриниши
Жирона собори, ён томондаги кириш эшиги
Соборнинг орқа тарафдан кўриниши
Собор ҳовлиси ва унинг атрофидаги бинолар

2. Браавос кўчалари – Бисбе Хосе Картана кўчаси.

Олтинчи мавсумнинг биринчи эпизодида Аря Старкнинг тиланчилик қилиб, Браавос кўчаларида дайдиб юрганини кўриш мумкин. Шу саҳналарнинг бири собор яқинидаги Бисбе Хосе Картана кўчасида олинган.

Аря Старк тиланчилик қилмоқда, «Тахтлар ўйини», олтинчи мавсум, биринчи эпизод
Юқорида тилга олинган саҳна суратга олинган жой – Бисбе Хосе Картана кўчаси
Юқорида тилга олинган саҳна суратга олинган жой – Бисбе Хосе Картана кўчаси
Браавос кўчаларида тиланчилик қилаётган Аря, бошқа бир саҳна, «Тахтлар ўйини», олтинчи мавсум, биринчи эпизод

3. Браавосдаги бозорлар.

Олтинчи мавсумда кўзга ташланадиган бозорлар ҳам Жиронанинг эски шаҳар қисмидаги кўчаларда олинган.

Браавос порти бозори, «Тахтлар ўйини», олтинчи мавсум
Юқорида тилга олинган саҳна суратга олинган жой – араб ҳаммомлари қаршисидаги кўча
Браавосдаги бошқа бир бозор, Аря душманлардан қочаётган саҳна, «Тахтлар ўйини», олтинчи мавсум
Юқорида тилга олинган саҳна суратга олинган жой – Авлиё Марти Сакоста черкови зиналари

4. Араб ҳаммомлари

Жиронанинг эски шаҳар қисмида 12-асрда қурилган араб ҳаммомлари номи билан машҳур ҳаммомлар мавжуд. Гарчи бу ҳаммомларни араблар қурмаган бўлса-да, улар араб ҳаммомларига тақлид қилган ҳолда қурилгани учун шу ном билан аталади.

Араб ҳаммомлари, Аря душманлардан беркинмоқда, «Тахтлар ўйини», олтинчи мавсум
Араб ҳаммомлари жойлашган бинога кириш эшиги, ҳаммомлар ёпиқ бўлгани сабабли ичкарига кириб бўлмади

Мақсуд Саломов,
Uzbek.Lifeнинг Испаниядаги колумнисти

Мавзуга оид