Испанияда 11 ноябр, чоршанба куни умуммиллий иш ташлаш якунида мамлакатнинг қатор шаҳарларида ўн минглаб одамлар ҳаёт қимматлашаётгани ва ҳамёнбоп уй-жой етишмаётганига қарши норозилик намойишларига чиқди.

Мадридда ҳукумат маълумотларига кўра, акцияларда 120 минг киши иштирок этган. Намойишларга чақириқ берган ижарачилар уюшмалари эса қатнашчилар сонини 600 минг нафар деб баҳолаган. Барселонада полиция ҳисоб-китобларига кўра, 55 минг киши кўчага чиққан.

DPA ахборот агентлиги қайд этишича, мамлакатда сўнгги 14 йил ичида илк бор ўтказилган ва бир кун давом этган умуммиллий иш ташлаш Испаниядаги парламент сайловларига бор-йўғи икки ярим ҳафта қолганда юз берди.

Барселонада намойишлар тартибсизликлар билан якунланди

DPA маълумотларига кўра, 11 ноябр куни кечқурун намойишлар асосан тинч ўтган. Бироқ Барселонада акциялар якунланганидан кейин тартибсизликлар бошланган.

RTVE телеканали хабар беришича, юзларини яширган бир гуруҳ ўнг қанот экстремистлар бир нечта дўконнинг витриналарини синдирган, чиқинди контейнерларига ўт қўйган ҳамда полиция ходимларига шиша идишлар, тошлар ва петардалар улоқтира бошлаган. Полиция ҳужум қилганларга қарши дубинкалардан фойдаланган.

DPA ёзишича, 11 ноябрдаги умуммиллий иш ташлаш Испаниянинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини қисман фалаж қилган.

Мамлакатнинг сўл қанот ҳукумати намойишчиларни қўллаб-қувватлаган. Ўнг қанот мухолифат эса намойишларни мафкуравий мақсадларга йўналтирилган деб баҳолаган.

Касаба уюшмалари иш ташлашни муваффақиятли деб баҳолади

CCOO касаба уюшмалари бирлашмаси умуммиллий иш ташлашни ташкилотчилар кутганидан ҳам муваффақиятли ўтган «тўлиқ муваффақият» деб атади.

«Электр энергияси истеъмоли иш кунига эмас, балки якшанба кунига хос даражага тушди. Испанияда саноат ва иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга тармоқлари фаолияти тўхтади», — деб ёзди CCOO X ижтимоий тармоғида.

Бироқ иш берувчиларнинг CEOE бирлашмаси иш ташлашда иштирок этиш даражаси «минимал» бўлганини билдириб, унда ходимларнинг 10 фоиздан камроғи қатнашганини маълум қилди.