Спорт | 04:06 / 21.05.2021
14080
2 дақиқада ўқилади

Қозонда 2018 йилги жаҳон чемпионати вақтида ўғирланган зеб-зийнатлар топилди

Фото: Татаристон ИИВ

Татаристон пойтахти Қозонда полиция ходимлари Россияда ўтган футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати вақтида ўғирланган зеб-зийнатларни топишга муваффақ бўлишди. Ўғирланган заргарлик буюмлари қиймати 160 млн рублни ташкил қилган.

Маълумотларга кўра, Россиянинг заргарлик компанияларидан бирига тегишли зеб-зийнатлар солинган жомадон 2018 йил июлда Қозон ярмаркаси ҳудудида ўғирланган. Жомадоннинг йўқолгани аэропортда аниқланган.

Татаристонлик полициячилар воқеа жойидаги кузатув камераларидан олинган ёзувларни, биологик изларни ўрганиб, ўғриликни содир этган шахсни аниқлашга муваффақ бўлишган. Жиноятчи колумбиялик Валеро Валеро Эдгар Алехандро исмли шахс бўлиб чиққан. У қимматли юкни қадоқлашда иштирок этган. Шундан кейин жиноятчи халқаро қидирувга берилган ва 2019 йил сентябрда Аргентинада қўлга олиниб, 2021 йил мартида Россияга экстрадиция қилинган.

Колумбиялик ўғриликни содир этганини тан олган ва заргарлик буюмларини Қозондаги дарахтзорлардан бирига яшириб қўйганини маълум қилган. У зеб-зийнатлар яширилган жойни аниқ айта олмаган ва шу сабабли полициячилар эҳтимолий жойдаги катта ҳудудни текшириб чиқишларига тўғри келган. Уларнинг уринишлари зое кетмаган ва натижада 4та қопга солинган заргарлик буюмларини топишга муваффақ бўлинган.    

Россияда 2018 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатининг 4та учрашуви Қозонда бўлиб ўтган. Улардан бирида Колумбия терма жамоаси Польша билан учрашган.

Мавзуга оид