Ўзбекистон | 11:13 / 02.06.2021
9051
2 дақиқада ўқилади

«Сурхондарёда 100 минг одам ишсиз, 80 минги ташқарида юрибди» – Шавкат Мирзиёев

Жорий йил 1 июн куни Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Шавкат Мирзиёев журналистлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг саволларига жавоб берди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, президент вилоятларда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳақида гапирди.

“Иқтисодиётни барқарор қилиш учун ҳар бир вилоятга инфратузилма керак. Тарихимизга қарасак, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўлмаган. Сурхондарёда жуда катта ресурслар, жуда катта имкониятлар бор. Тахминан 10га яқин цемент заводлари қурсак бўлади. Лекин бунинг учун ҳозир етарли инфратузилма йўқ: энергия, йўл, темирйўл керак. Агар эртага заводлар қурсак, яна одамларда электр ўчади – ё уларга, ё заводга бериш керак бўлади электрни. Шунинг учун аввало инфраструктурани яратишимиз керак. Сурхондарёда 100 минг одам ишсиз, 80 минги ташқарида юрибди. Ўзим келганимнинг сабаби ишсизликни камайтириш бўйича режаларни амалга ошириш”, деди у.

Давлат раҳбари ижтимоий соҳаларни ривожлантириш ҳақида гапирар экан, мактаб битирувчиларининг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, президент ўзини қийнаётган муаммо – ишсизликни камайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

“Сурхондарёда ҳали бирорта вилоятда бўлмаган Халқаро очиқ савдо маркази ташкил қиляпмиз. Бу марказда исталган хорижий давлатдан келиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни биринчи қўлдан олиб кетишлари мумкин бўлади. Халқаро савдо маркази ишга тушса 10 минг одам иш билан таъминланади”, дея таъкидлади президент.

Суҳбат давомида давлат раҳбари камбағалликка қарши курашиш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Мавзуга оид