19:15 / 23.07.2021
14933

МСК: Сайловчилар ташаббускор гуруҳи президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маълум қилишича, бу йилги президент сайловида фақатгина сиёсий партиялар томонидан илгари сурилган номзодлар қатнашиши мумкин.

«Ушбу масала ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича миссияси томонидан чиндан ҳам ўтган президентлик сайловида ҳам, ундан кейин ҳам бир неча марта кўтарилган. Шу ўринда қайд этиб ўтишимиз керакки, қонунчилигимизга кўра, фақатгина сиёсий партиялар сайлов даврида Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзодларни илгари суриш ҳуқуқига эга.

[Келажакда сайловчилар ташаббускор гуруҳи президентликка номзод кўрсатиш имконига эга бўлиши] режалаштириляптими ёки йўқ, бу ҳақда бир нарса дея олмайман. Чунки Марказий сайлов комиссияси қонунларнинг ижроси билангина шуғулланади. Сайлов кодекси ҳам шу жумладан.

Албатта, келгусида бу масалани муҳокама қилишимиз мумкин. Бу борадаги келгуси ҳаракатлар нафақат Марказий сайлов комиссиясига, балки биринчи навбатда қонун чиқарувчиларимизга боғлиқдир», дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сайловчилар ташаббускор гуруҳларига Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқи 2004 йилда берилган эди. 2007 йилги президент сайловида оддий ўзбекистонликлар ушбу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда ўзлари ишонган номзодларни илгари суриш имконига эга бўлишганди. Бироқ ушбу сайловдан сўнг 2008 йилда фуқаролар гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланувчи мустақил номзод сифатида президентликка даъвогарлик қилиш имконияти бекор қилинди. ЕХҲТ буни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда бошқа халқаро меъёрларга зид деб ҳисоблайди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2016 йилги Ўзбекистон президенти сайловидан кейинги баёнотида Ўзбекистондаги ҳуқуқ тизими инсоннинг асосий эркинликларини чеклаши таъкидланган, шу билан бирга, сайловда кузатилган камчиликлар санаб ўтилган эди. Ҳисоботда сайлов жараёнида ОАВ чеклангани ва назоратга олингани, бундан ташқари, фуқаролар гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланувчи мустақил номзод сифатида президентликка даъвогарлик қилиш имконияти берилмагани камчилик сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистонда президентлик сайловларига расман старт берилди. Сайлов жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Сайловчилар президентликка номзодлар кимлигини сайловга қирқ беш кун қолгунига қадар билиб олишади.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top