Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари томонидан жорий йил 6-14 июль кунлари Қашқадарё вилоятида давлат харидларини амалга ошириш ҳолати ўрганилган. Уларда бир қатор соҳаларда ўнлаб коррупцион ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ўрганишлар давомида «dxarid.uz» махсус ахборот порталига жойлаштирилган давлат харидларига оид амалдаги эълонлар бўйича 32 та ҳолатда 10,4 миллиард сўмлик иш ва хизматлар ҳали шартномалар тузилмасдан, эълон муддати тугамасдан туриб, пудратчилар томонидан бошлаб юборилган, ҳатто ишлар 100 фоиз бажарилган ҳолатлар аниқланган.

Жумладан:

– Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 12 та ҳолатда 5 миллиард 958,1 миллион сўмлик;

– Китоб тумани тиббиёт бирлашмасида 5 та ҳолатда 1 миллиард 152 миллион сўмлик;

– Нишон тумани халқ таълими бўлимида 4 та ҳолатда 574 миллион сўмлик;

– Шаҳрисабз тумани Ахборот кутубхона марказида 1 та ҳолатда 553,7 миллион сўмлик;

– Миришкор тумани Ободонлаштириш бошқармасида 2 та ҳолатда 527,6 миллион сўмлик ишлар шартномалар тузилмасдан бошлаб юборилган ва айримларида ишлар тўлиқ бажарилган.

Бундан ташқари, Қарши тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи С.У. «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасини қўпол равишда бузган ҳолда ўзининг синглиси С.Ш. таъсисчилигидаги «Т.G.K.» фермер хўжалиги билан 149,1 миллион сўмлик гул кўчатларини ўтказиш бўйича шартнома тузган. 27,1 миллион сўм асоссиз харажатлар ҳисоботга киритилиб, ортиқча маблағ олинишига йўл қўйган.

Шаҳрисабз туман Ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигидаги «Обод қишлоқ» дастури асосида 2 та маҳаллада пиёдалар йўлаги қуриш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатишда «U.M.» МЧЖ томонидан 67 миллион сўмлик бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилган ва смета ҳужжатларига материаллар нархлари асоссиз ошириб кўрсатилган.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят минтақавий филиалида 2 дона тиббий аппаратдан 250 миллион сўмлик камомад мавжудлиги маълум бўлган.

Китоб туманида жойлашган Қашқадарё вилоят 2-сон асаб-руҳий касалликлар диспансерида Мobile X-Ray RU-510-русумли бир дона рентген аппаратидан 582,8 миллион сўмлик камомад мавжудлиги аниқланган.