Хитойнинг China Eastern Airlines авиакомпанияси бошқарувининг собиқ раиси Лю Шаоюн 67,5 миллион юандан (тахминан 10 миллион доллар) ортиқ пора олгани учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Хитойнинг Шенян шаҳридаги биринчи инстанция суди шундай қарор чиқарди, деб хабар берди CCTV News.

Қамоқ жазосидан ташқари, суд Лю Шаоюнга 4 миллион юан (тахминан 600 минг доллар) миқдорида жарима ҳам тайинлади. Ноқонуний йўл билан олинган маблағлар ва уларга ҳисобланган фоизлар мусодара қилиниб, давлат ҳисобига ўтказилди.

Суднинг аниқлашича, Лю Шаоюн 2002 йилдан 2023 йилгача China Eastern Airlines ва China Southern Airlines авиакомпанияларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган даврида ташкилотлар ҳамда жисмоний шахсларга бизнес юритиш, шартномалар тузиш ва авиақатновларни бошқаришда ёрдам берган. Бунинг эвазига у жами 67,5 миллион юандан ортиқ миқдорда пора олган.

Ҳукм чиқаришда суд Лю ҳибсга олинганидан сўнг ўз жиноятларини тан олгани, терговга аввал номаълум бўлган ҳолатлар ҳақида маълумот бергани, айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдиргани, шунингдек, ноқонуний олинган маблағларни қайтарганини инобатга олди. Ушбу ҳолатлар жазони енгиллаштиришга асос бўлди.