Андижонда икки мансабдор шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали мансабдори ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киришган. Улар туман ҳокимлиги захирасида бўлган 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали арзон нархда мазкур фуқаро номига ютиб бериш эвазига 100 минг доллар талаб қилишган.

Ушбу икки мансабдор сўралган пулдан 30 минг долларини учинчи шахс орқали олган вақтларида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а, г” бандлари ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманган вилояти Косонсой тумани ҳокими ўринбосари уйига қуёш панели ўрнатиш учун 65 млн сўм олганида ушланганди.