10:22 / 31.08.2021
41084

«Янги Ўзбекистон» мажмуаси ва Мустақиллик монументининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда

Бугун, 31 август куни Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ қисмида, Қибрай туманида барпо этилган «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

Қайд этилишича, Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистон» мажмуаси ва Мустақиллик монументининг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Боғ мазмуни миллий давлатчилик тарихи, халқнинг бугунги интилишлари ва Учинчи Ренессанс мақсадларини ўзида мужассам этган. 104 гектарлик боғнинг умумий кўриниши Ҳаракатлар стратегияси йўналишларига монанд дарахтнинг бешта шохи шаклидадир. Бу ерда одамлар табиат қўйнида дам оладиган сўлим ҳудудлар барпо этилган.

Боғ ҳудудида «Истиқлол» мажмуаси қурилган. Унда Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихи, аждодларнинг буюк ишлари, Ўзбекистоннинг янги қиёфаси намоён этилган.

Бир гектардан зиёд майдонда 5 минг ўринли очиқ амфитеатр барпо этилди. Бу ерда умумхалқ байрамлари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Мажмуа замонавий ёритиш ва акустика тизимлари билан жиҳозланган. 

 

Top