Жаҳон | 14:58 / 13.09.2021
33224
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Кобулда хавфли террорчи ўлдирилганини маълум қилганди. Ҳарбийлар нишонни танлашда хато қилган бўлиши мумкин

Кобулдаги терактдан кейин АҚШ хавфли террорчи ўлдирилганини маълум қилганди. Журналистларнинг аниқлашича, бу аслида америкаликларнинг хайрия фонди ходими эди ва унинг машинасида бомба эмас, сув бўлган.

Jim Huylebroek for The New York Times

29 август куни америкалик ҳарбийлар гўёки ИШИД-Хуросон аъзоси бўлган террорчининг автомобилига авиазарба берилгани ҳақида хабар қилганди. Америка қўмондонлиги баёнотига кўра, ушбу амалиёт туфайли гуруҳ томонидан режалаштирилган яна бир йирик терактнинг олди олинган. 26 август куни бу гуруҳ эвакуация жараёни давом этаётган Кобул аэропорти атрофидаги икки портлаш учун жавобгарликни зиммасига олганди; бу ҳужум оқибатида камида 200 киши ҳалок бўлган. Ҳарбийлар MQ-9 Reaper дрони томонидан учирилган ракета билан портлатилган машина ҳайдовчисининг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаганини маълум қилишганди. Уларнинг маълумотига кўра, портлаш вақтида машина атрофида бўлган яна уч бола қурбон бўлган.

The New York Times ва The Washington Post журналистлари эса нишондаги ҳайдовчининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлишганини маълум қилишди. Бу 43 ёшли электротехник Замарай Аҳмади бўлиб, у 2006 йилдан буён Афғонистондаги ночорларга ёрдам бериш билан шуғулланиб келган Калифорниянинг хайрия ташкилоти — Nutrition and Education International (NEI) учун ишлаган. Қолаверса, қариндошларининг айтишича, у АҚШдан қочқин сифатида бошпана сўраб мурожаат қилишга ҳам улгурганди.

Замарай Аҳмади Кобулдаги қочоқлар лагерида текин овқат тарқатмоқда, 26 август.

Ҳарбийларнинг тасдиқлашича, операция куни Аҳмади шаҳар бўйлаб ноодатий ҳаракати орқали диққатни тортган, жумладан у гўёки ИШИД аъзолари яширингани тахмин қилинган уйларда ҳам бўлган. Аммо журналистлар ўша куни Аҳмадини кўрган кишилар билан суҳбатлар асосида унинг маршрути одатдагидан фарқ қилмаган деган хулосага келишган. Ишгача йўл бўйлаб у уч марта тўхтаган - ҳамкасбларини ва хўжайинининг уйидан ноутбук олиш учун. Ҳарбийларнинг айтишича, улар унинг оқ рангли «Тойота»сини шу ердан кузатишни бошлаган.

The New York Times нашри қайд этишича, улар айнан нимани жангариларнинг махфий объекти сифатида қабул қилишгани тушунарсиз, аммо чиндан ҳам кейинги куни Кобул аэропортига айнан Аҳмадининг шефи квартираси яқинидан ракета зарбалари берилган.

Аҳмадининг машинасига ҳужумни асослаш учун яна бир аргумент келтирилган, унга кўра қайсидир паллада ва у яна уч киши машинага тушунарсиз таркибдаги юкларни ортган, буни америкаликлар дрони қайд этган. Аммо Аҳмадининг ҳамкасблари бу портловчи қурилмалар эмас, балки учта пластик бак бўлгани, у ишхонасидан уйига ичимлик суви олиб кетганини айтишган: расмий ҳукумат қочиб кетганидан сўнг Кобулда ичимлик суви тизими ишламай қолган. NEI офиси қўриқчиси ҳам журналистларга Аҳмади бакларга сув тўлдираётганини кўрганини тасдиқлаган.

Соат 15:30 атрофида Аҳмади офисни тарк этган, у ҳамкасбларини уйларига тарқатган ва соат 16:50 атрофида ўз уйига қайтиб, ҳовлисига кирган. Аҳмадининг уйи шаҳарнинг аҳоли тиғиз яшайдиган туманида жойлашганига қарамай Америка дрони оператори машина атрофида бир эркакдан бошқа ҳеч кимни қайд этмаган — ва зарба берилган. Натижада, америкаликлар маълумотига кўра, яна уч бола ҳалок бўлган, марҳумнинг қариндошлари эса ҳужум вақтида Аҳмади оиласининг 10 аъзоси қурбон бўлганини айтишган.

Аҳмади портловчи моддалар олиб юрганига исбот сифатида ҳарбийлар биринчи портлаш ортидан иккинчиси рўй бергани — кейинги портлаш анча кучли бўлганини келтиришади. Аммо The Washington Post сўровига кўра муҳандиснинг ҳалокати рўй берган жойда олинган видео ва суратларни ўрганган экспертлар аслида яна бир кучли портлаш рўй берганига далиллар топа олишмаган. The New York Times экспертлари ҳам шундай фикрда. WP нашрининг фикрича, агар чиндан ҳам иккинчи портлаш рўй берган бўлса бу анча кучсизроқ бўлган ва кўп эҳтимол билан автомобилнинг ёнилғи тўлдирилган баки портлаган.

Америка қўмондонлиги вакиллари журналистларга ҳодиса юзасидан ички текширув бошлангани, унинг натижасида портлаш оқибатида уларнинг баёнотида айтилганидан кўпроқ одам қурбон бўлгани ҳақидаги хабарларга ҳам аниқлик киритилишини айтишган.

Мавзуга оид