15 июн куни Америка Қўшма Штатларида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олади. Очилиш ўйинида Месси, Суарес, Бускетс ва Алба каби таниқли футболчилар тўп сурадиган «Интер» Майами Мисрнинг «Ал Аҳли» жамоасига қарши майдонга тушади. Қуйида эса ушбу мусобақа ҳақида, унинг формати, қайси жамоалар ўйнаши ва бошқа саволлар юзасидан маълумот келтирилади.

Бу қандай турнир?

2016 йил июнида ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳар йили ўтказиладиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини кенгайтириш ва муддатини ҳам ёзга кўчириш ҳақида таклиф билан чиқди. Аввалига бу турнир 2021 йилда Хитойда ташкил қилиниши, унда 24 жамоа қатнашиб, ҳар йили эмас, кейинчалик худди жаҳон чемпионати каби ҳар 4 йилда ўтказилиши келишиб олинганди. Аммо орага пандемия тушиб, Европа ва Жанубий Америка кубоги баҳслари ҳам 2021 йилга кўчирилгач, бу лойиҳа ҳам кечиктирилди. Кейинчалик жамоалар сонини 32 тагача ошириш ва янги форматдаги илк турнирни 2025 йилда ўтказиш келишиб олинди. 

Табиий равишда бу мусобақага жуда кўп ташкилотлар, футболчилар уюшмаси, лигалар қаршилик қилишди. Зеро, шундоқ ҳам йил давомида жуда кўп ўйинларда майдонга тушадиган футболчилар учун бу қўшимча риск, жароҳатлар сони кескин ошиши, клубларнинг мавсумга тайёргарлигига халақит бериши кўп бор тилга олинди.

Аммо лойиҳанинг тижорий томони, жуда катта мукофот жамғармасига эга экани клубларни вазиятга бошқача қарашга мажбур қилгани шубҳасиз. Чунки шундоқ ҳам молиявий фейр-плэй чекловлари билан курашиб келаётган топ-клублар учун қўшимча соф даромад айни муддао. Ахир ушбу турнирда ғолиб бўлган клуб 100 миллион еврога яқин суммани қўлга киритиши мумкин. Бу сумма мисол учун деярли барча (АПЛдан ташқари) чемпионатларда, ҳатто Чемпионлар Лигасида ҳам бутун мавсум иштирок этиб қўлга киритиладиган маблағдан кўпроқ. Нафақат ғолиб, масалан, Европанинг шунчаки турнирда қатнашган бир клуби 15-30 миллион евро атрофида маблағ ишлаб топиши мумкин. Осиё клуби 9 миллион евро атрофида кафолатланган суммани олади.

Турнирда иштирок учун мукофот пуллари (мукофот жамғармаси 525 миллион доллар):

  • Европа — 12,81 дан 38,19 миллион долларгача;
  • Жанубий Америка — 15,21 миллион доллар;
  • Шимолий ва Марказий Америка — 9,55 миллион доллар;
  • Осиё — 9,55 миллион доллар;
  • Африка — 9,55 миллион доллар;
  • Океания — 3,58 миллион доллар.