Агентликнинг маълум қилишича, Покистон пойтахти Исломободдан рейсни Pakistan International Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт бажарган. Таъкидланишича, унинг бортида бор-йўғи 10 киши бўлган.
Кобулда Исломободга қайтиш рейсини 100га яқин киши, асосан Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар ходимларининг яқинлари кутган.
“Тижорат рейсларининг тикланиши тегишли ҳужжатларга эга афғонларга мамлакатни эркин тарк этишга рухсат беришга ваъда берган толиблар учун муҳим синов бўлади”, деб ёзган агентлик.
Ўтган ҳафта Qatar Airways авиакомпанияси Кобулдан бир нечта чартер рейсни амалга оширганди. Улар бортида асосан хорижликлар ва мамлакатдан эвакуация қилинмай қолган афғонлар бўлган.
Аввалроқ бир нечта авиакомпания мақбул шароитлар яратилса, Кобул аэропортига парвозларни амалга ошириш истагини билдирганди.
















