2021 йил 24 октябр куни Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтади. Сайловда республикадаги 5та партиядан президентликка номзодлар иштирок этиши тасдиқланди. Қуйида улар ҳақидаги айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Алишер Қодиров. «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод
У айни пайтда мазкур партия раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Номзод 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мутахассислиги филолог, иқтисодчи.

Алишер Қодиров 1996 йил Туркиянинг Эгей университетини, 2009 йили Тошкент молия институтини, 2011 йили Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
1996-1997 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси етакчи мутахассиси бўлиб ишлаган. 1997-2008 йилларда Жиззах вилояти давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси етакчи мутахассиси, бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғининг ўринбосари бўлган.
2008–2015 йилларда Жиззах вилояти Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2014 йилда парламентнинг Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. 2017-2019 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозимида ишлаган.
Нарзулло Обломуродов. Экологик партиядан президентликка номзод

Номзод 2021 йил 1 февралдан Экологик партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Обломуродов 1975 йил Самарқанд вилоятида туғилган. 1996 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда 2000 йилда Бирмингем университети (Буюк Британия)ни тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Тошкент молия институтида турли лавозимларда фаолият юритган.
Узоқ йиллар банк-молия ҳамда давлат бошқарув органлари тизимида, жумладан, Президент администрациясида масъул лавозимларда ишлаган.




















