Иқтисодиёт | 13:31 / 20.09.2021
25678
3 дақиқада ўқилади

«Россия Ўзбекистонни ЕОИИга қўшилишга шошилтирмаяпти» – Андрей Руденко

Москва расмий Тошкентни Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо сифатида қўшилишга шошилтирмаяпти. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Андрей Руденко 20 сентябрь куни «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари» мавзусида Тошкентда бўлиб ўтаётган халқаро конференцияда маълум қилди.

«Биз Ўзбекистонни [ЕОИИга қўшилиш бўйича] ҳал қилувчи қарорни қабул қилишга шошилтирмаяпмиз. Бу Ўзбекистоннинг ўз ихтиёрига боғлиқ, ташкилотга қачон қўшилиш зарур деб ҳисоблаганда қўшилади.

Биз ЕОИИ унга аъзо давлатлар ва яқинда қўшилган Қирғизистон ва Арманистонга ҳақиқатан иқтисодий ривожланиш учун катта имкониятлар тақдим қилаётганидан келиб чиқамиз. Давлатлар ушбу ташкилотга аъзоликдан келаётган фойдаларни ўзида ҳис қилишмоқда. Ўзбекистонлик дўстларимизга ЕОИИ аъзо бўлишнинг фойдалари ҳақида кўпроқ билишга ёрдам берамиз, лекин ҳеч қачон шошилтирмаймиз», деди Россия ТИВ вакили.

Маълумот учун, 2020 йил 11 декабрь куни бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Шунингдек, жорий йил бошида Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича 2021 йилга оид «Йўл харитаси»ни тасдиқлаган. 2021 йил февраль ойида эса Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида қатнашган.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари Дониёр Тўраев Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат сифатида ЕОИИ билан ҳамкорлиги Ўзбекистонга ҳеч қандай ҳуқуқий мажбуриятлар юкламаслигини ва ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти йўқлигини маълум қилганди.

РФ бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук «Гайдар» форумида «Биз Ўзбекистонни иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради», – дея таъкидлаган эди.

Мавзуга оид