Ўзбекистон | 11:54 / 28.09.2021
3810
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада аския санъати маркази очилади, «Санъаткорлар хиёбони» барпо этилади

Улуғ санъаткорларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳар “Ижодкорлар боғи” ҳудудида уларнинг бюстлари ўрнатилиб, “Санъаткорлар хиёбони” барпо этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Маълумки, Фарғонадан етишиб чиққан Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин қори Ёқубов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова, Лутфихоним Саримсоқова, Наби Раҳимов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Раҳима Мазоҳидова, Муроджон Аҳмедов, Таваккал Қодиров сингари улуғ санъаткорлар ўзининг юксак санъати билан халқимизнинг меҳрини қозонган. Ҳозир ҳам бу соҳада кўплаб умидли ёшлар вояга етиб келмоқда.

Шу маънода, улуғ санъаткорларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида  Марғилон шаҳар “Ижодкорлар боғи” ҳудудида уларнинг бюстларини ўрнатиб, “Санъаткорлар хиёбони”ни барпо этсак, ўйлайманки, сизларга ҳам манзур бўлади.

Ўз даврида маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасалари улуғ санъаткорлар номи билан аталган эди. Эндиликда уларни қайта номлаб, азиз хотиралари ўз ўрнига қўйилади.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номини абадийлаштириш ҳамда Фарғона водийсида аския ва қизиқчилик санъати таълимида селекция ишлари йўлга қўйилиб, аския санъати маркази очилади. 

Тобора ноёб бўлиб бораётган миллий дорбозлик ва полвонлик анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир маротаба “Майдон томошалари” фестивали йўлга қўйилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид