Музейлар инсоният томонидан яратилган моддий маданият намуналарини ўзида жамлаб келади ва келажак авлодлар учун ўтмиш ва маданият ҳақида етарлича тасaввур беради. Лекин шундай соҳа музейлари ҳам борки, улар табиат инъом этган гўзалликларни ўзида жамлайди. Шундай маданий муассасалардан бири Тошкент шаҳрида жойлашган Геология музейидир.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей тарихи ва фаолиятининг асосий мақсади

Ўзбекистон давлат Геология музейи 1926 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 12 та кўргазма залларига эга. Кўргазма залларида Ернинг геологик ўзгариш босқичлари, геологик даврлар изи қолдиқлари, қадимги тоғ-кон саноат қазилмалари, қадимги жонзотлар, динозаврлар қолдиқлари, уларнинг тош қотган қадам излари, тошларда абадийликка муҳрланиб қолган бошқа жонзотлар ва асосийси, Ўзбекистоннинг геологик бойлиги ва турфа хиллигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидлаш жоизки, табиий ахборот ташувчилар ҳисобланган музей экспонатлари геологик жисмларнинг тузилиши ва таркиби тўғрисидаги энг асосий ва ягона маълумот бўлиб хизмат қилади.

Музейда мамлакатнинг геологик хилма-хиллигидан сўзловчи 50 мингдан ортиқ ҳайратланарли, чиройли ва қимматбаҳо намуналар сақланади.

Бу ердаги минераллар коллекцияси қазилма ишлари натижасида йиғилган, бу минералларда деярли Менделеев жадвалининг барча элементлари мавжуд. Минераллар халқ саноати ишлаб чиқарилишининг турли хил йўналишлари бўйича йўлга қўйилган. Булардан металлургия, кимёвий саноат, керамика, медицина, оптика, заргарлик ишлари ва яна бир неча йўналишларда ишлатилади.

Фото: Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати

Музей учун янги бино — геологиянинг янги даври

Геология музейининг кўргазма залларидаги экспонатлар бизнинг геологик нуқтайи назардан жаҳон миқёсида танилганимизни кўрсатади, қолаверса, миллий ғуруримиз, фанимиз, миллий урф-одатимиз, иқтисодимиз, сиёсатимиз ривожланишида катта аҳамиятга эга.