Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов таълим соҳасидаги бугунги янгиланишларнинг асосий мазмун-моҳияти бўйича тушунча берди.
“Президентимизнинг икки вазирликни бирлаштиришдан кўзлаган асосий ғояси қуйидагилардан иборат:
Таълим ва илм-фан вазирлиги барча боғча, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиши ва уларнинг операцион жараёнлари учун масъул бўлиши, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилаши, аккредитациялаш ва лицензиялаш билан шуғулланиши керак;
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ўқув дастурлари, қўлланмалар ва методик материалларни ишлаб чиқадиган ўзига хос лаборатория вазифасини бажариши, уларни амалиётга жорий этиши, натижаларини кузатиши ва аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштириб бориши керак. Бу ишлар президентимиз белгилаб берган "ўзбек мактаби битирувчисининг портрети"га таянган ҳолда олиб борилади;
Президент администрацияси ва унинг ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида ишчи гуруҳ янги вазирликнинг тузилмасини ишлаб чиқади, иш жараёнларини қайта кўриб чиқади, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ҳамда ислоҳотнинг умумий стратегиясини белгилайди;
олий таълимда давлат аралашувини кескин қисқартириш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш ва нодавлат сектор учун имкониятлар яратиш лозим, қайси олийгоҳ сифатли таълим бераётганини эса эркин рақобат ва бозор талаби кўрсатиши керак”, дея маълум қилди Шерзод Асадов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди.
Шунингдек, Президент администрацияси ҳузурида таълим стратегияси бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиши маълум қилинди. Унга жамоатчилик асосида тадбиркор Зафар Ҳошимов раҳбарлик қилади.
Гуруҳ таркибига таълим муассасаларини йўлга қўйиш ва самарали тизимлар яратишда тажрибага эга тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда халқаро экспертлар жалб қилинади.







