Адлия вазирлиги хабарига кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси консуллик муассасаси орқали Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ИИВ ЙҲХББ) томонидан расмийлаштирилади.

Талабгор эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун консуллик муассасасига ариза билан шахсан мурожаат қилади. Консуллик муассасаси талабгор номидан сўровномани тўлдириб, 1 иш кунида ИИВ ЙҲХББга юборади. 

ЙҲХББ тақдим этилган маълумотномани кўриб чиқиб, 1 иш кунида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиради ҳамда уни Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти (ТИВ КҲД)га юборади. Шунга кўра, ТИВ КҲД ҳайдовчилик гувоҳномасини консуллик муассасасига дипломатик почта орқали тақдим этади. Консуллик муассасаси 1 иш кунида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини эгасига беради ёки асосланган сабабларга кўра уни рад этади.   

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштириш учун қуйидагилар ундирилади: базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдорида тўлов; 20 доллар миқдорида консуллик йиғими; 20 доллар миқдорида ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш учун йиғим.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 1 мартдан ID-картаси бор ҳайдовчилар бошқа ҳужжатларни кўрсатиши шарт бўлмаслиги хабар қилинганди.