Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, айирмачилар вакиллари Вашингтонда матбуот анжумани ўтказган. Улар ҳукуматга қарши кучлар янги бирлашмасининг мақсади бош вазир Абий Аҳмад бошчилигидаги ҳукуматни ё куч, ё музокаралар йўли билан ҳокимиятдан четлатиш эканини айтишган. Шундан кейин ўтиш ҳукумати шакллантирилиши лозим.   

“Биз Эфиопияда Абий ҳукумати томонидан яратилган ушбу даҳшатли вазиятга чек қўймоқчимиз”, деб айтган фронт етакчиси ва мамлакатнинг АҚШдаги собиқ элчиси Берхане Гебрекристос. 

Аввалроқ фронт кучлари стратегик аҳамиятдаги шаҳарларни эгаллаб олгандан кейин Эфиопияда фавқулодда ҳолати режими эълон қилинганди. Мамлакатнинг йирик регионлари ва шаҳарлари маъмуриятлари аҳолини тиграйлик айирмачиларга ва унинг иттифоқдошларига қарши курашишга чақирган. 

Эфиопиядаги вазият халқаро ҳамжамиятда хавотир уйғотмоқда. Аввалроқ АҚШнинг Африка шохи региони бўйича махсус вакили Жеффри Фелтман АҚШ Эфиопияда инқирозни авж олдираётган ва гуманитар амалиётларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилаётганларга қарши санкциялар киритишга тайёрлигини айтган. У Вашингтон тиграйлик айирмачиларнинг пойтахт Аддис-Абеба томон ҳар қандай юришига қарши эканини таъкидлаб ўтган.