Ўзбекистон | 11:34 / 06.11.2021
6415
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади» 

Сенат биносида сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тадбир давомида нутқ сўзламоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланди. Рухсатингиз билан Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилади. Бу борада миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Шу асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтирамиз. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Одамлар норози бўлганида туманга эътироз билдирмайди, "Нимага президент бунга йўл қўйди?" дейди.

Жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлади. Бундан ташқари, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида, туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади.

Навбатдаги муҳим вазифамиз – марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишдан иборат. Бунинг учун, энг аввало, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг тартиби, уларни бир-биридан фарқлаб турадиган мезонлар, таркибий тузилма ва штатларни белгилашга оид аниқ талаблар ишлаб чиқилади. 

Шу асосда бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади. Марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувларни жорий этиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечамиз. Бунда, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этиш бўйича вазирлик ва идораларнинг ваколатлари янада кенгайтирилади.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади. Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид