Ўзбекистон | 14:44 / 12.11.2021
10968
2 дақиқада ўқилади

Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарлари байроқ кўтариш маросимида қатнашди

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида ташкилотнинг янги биноси олдида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Истанбул шаҳрида 12 ноябрь куни Туркий кенгаш котибиятининг янги биноси олдида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва қардош мамлакатлар раҳбарлари иштирок этди.

Тантанали равишда Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Венгрия, Туркманистон ва ташкилотнинг байроқлари кўтарилди. Туркий кенгаш котибияти жойлашган бино XIX аср бошида барпо этилган ҳамда Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш муҳим экангини таъкидлади ҳамда ушбу котибият ташкилот мақсад ва вазифаларини амалга оширишда бундан буён ҳам муҳим ўрин тутишига умид билдирди.

Асосий тадбирлари бугун ўтказилиши режалаштирилган Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокидаги VIII саммит кун тартибидан кенгаш доирасидаги савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар ва ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид