Жаҳон | 10:32 / 04.12.2021
16274
6 дақиқада ўқилади

Қиммат пиджаклар, Таиланд сафари ва ботокс. Саакашвили давлат пулини ўзлаштирганлик бўйича суд қилинмоқда

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили Тбилисидаги судда ўзига нисбатан илгари сурилган навбатдаги айблов бўйича судланмоқда. Олдинги сафар тадбиркорнинг мулкини ноқонуний мусодара қилишда айбланган собиқ президент бу гал давлат пулларини ўзлаштириш айблови билан суд қилинмоқда.

Фото: IRAKLI GEDENIDZE / POOL / AFP

«Адолатсизликка, ҳақоратга ва исмим коррупция сўзи билан ёнма-ён тилга олинишига тоқат қила олмайман», деди суд залида нутқ сўзлар экан Саакашвили. У бу гал ҳам ойнали қафасда туриб судда иштирок этди. Уни Горидаги ҳарбий ҳоспиталдан судга олиб келишди. Сиёсатчи у ерда 50 кун давом этган очлик исёнидан кейин тикланиш жараёнини ўтказмоқда.

Саакашвили ўзининг президентлик даврида коррупцияга қарши муваффақиятли кураша олгани билан мақтанади ва у ўзига қарши давлат пулларини ўзлаштириш айблови қўйилгани шаънининг топталиши деб қабул қилмоқда. 2010-йилларда пайдо бўлган бу айбловлар бўйича Саакашвили лавозимдан кетгач, 2014 йил иш очилган. Аммо илк марта бу иш бўйича суд жараёнида айбланувчи сифатида собиқ президентнинг ўзи қатнашди.

Айбловга кўра гап 9 миллион лари (2,9 миллион доллар атрофида) ҳақида кетмоқда. Яъни Саакашвили президентлик лавозими вақтида шунча пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликда айбланмоқда. Қораловчи томоннинг маълум қилишича, бу сарфлар сирли қолишини ўша вақтда президент қўриқчилари махсус бўлинмасини бошқарган ва ҳозирда парламент депутати бўлган Теймураз Жанашия таъминлаган. Жанашиянинг ўзи ҳам ишга айбланувчи сифатида жалб этилган ва у айбловни сафсата деб атамоқда.

Саакашвилининг вакиллари бу Грузия ҳукумати унинг номини қора қилиш учун амалга ошираётган навбатдаги айбловлардан бири эканини айтишмоқда. Уларнинг иккитаси бўйича Саакашвили сиртдан 6 йил қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинган.

«Шармандали айбловлар»

Саакашвилининг ҳимоячиси суд жараёни максимал очиқ ёритилиши ва жонли эфирда олиб берилиши учун курашди. Суд залида нутқ сўзлар экан Саакашвили аввало ОАВ вакилларига миннатдорчилик билдирди. Сиёсатчи ўзини Грузия ҳукмрон партияси асосчиси Бидзин Иванишвили ҳамда Россия президенти Владимир Путин буюртмаси билан ташкил этилган қийноқлар қурбони деб атади.

«Мамлакатни юқори даражада муносиб намойиш қилишга интилганим ва шунчаки даволанганим учун ўғридай суд қилишмоқда», деди мамлакат пулларини ўз манфаати йўлида ишлатмаганига қасам ичар экан Саакашвили.

Ботоксми ёки муолажа?

Прокуратура айбловига кўра, Саакашвили Британиядан 7та пиджак сотиб олган ва бу учун давлат пуллари сарфланган. Сиёсатчининг ҳимоячилари бу айбловни ҳам абсурд деб аташмоқда. Ҳукмрон партия вакиллари эса чинакамига «белдан пастга уриб» навбатдаги айбловни илгари суришди. Унга кўра, Саакашвили гўёки лаби чиройли кўриниши учун уларни Нью-Йоркда ботокс қилдирган.

«Афсонавий ботокс айбловига келадиган бўлсак, бу ёлғондан бошқа нарса эмас. Бу амалиёт олиб борилган клиникалардан маълумот олиб кўринг-чи, бу муолажа бўлганмикин ёки косметик операциями? Менда 2008 йилдан кейин тери касаллиги пайдо бўлганди», деди Саакашвили.

Фото: Getty Images

Айбловчи томон Саакашвили 2009 йил Нью-Йоркда эпиляция ва ботокс учун давлат пулларидан сарфлагани, шунингдек, у сотиб олган пиджаклар чеки ҳам борлигини айтган. Бироқ ҳар қандай оддий клиникаларда қилиниши мумкин бўлган бу амалиёт нега АҚШда амалга оширилганига изоҳ берилмаган.

Таиланд. Икки кеча учун 19 минг доллар

Айбловлардан яна бири – Саакашвилининг Таиландга сафари. Прокурор Георгий Мужирининг айтишича, Саакашвили у ердаги меҳмонхонада икки кеча қолиб, 19 минг доллар тўлаган. Шунингдек, прокурор бу ташриф давлат учун қандай аҳамиятга эгалиги борасида ҳеч қандай ҳужжат топа олмаганини айтган.

Саакашвили бу айблов бўйича ҳам ўзини оқлашга ҳаракат қилган. Унинг айтишича, Россия ўша вақтда баъзи олисдаги орол давлатларга Абхазия ва Осетияни тан олишлари учун пул таклиф қилиб юрган.

«Бу вақтда бизга Австралия ҳукумати ёрдам берди. Улар мана шундай давлатларнинг бош вазирлари ёки вазирларини бирор ерга йиғиб, норасмий учрашув ташкиллаштиришни таклиф қилишди. Биз Таиландни танладик. Керакли одамларни чақирдик, уларга қимматли совғалар бердик. Бу учун эса менда пул йўқ эди. Ҳа, давлат пуллари сарфланди, лекин менинг эҳтиёжим учун эмас, Абхазия ва Осетия оккупациясининг олдини олиш учун», деди сиёсатчи.

«Бугун гувоҳ бўлдикки, Саакашвили ўз эҳтиёжи учун ишлатгани айтилган пуллар аслида давлатнинг норасмий функциялари учун ишлатилган», деди Саакашвилининг адвокатларидан бири Бека Басилия журналистлар билан суҳбатда. Қораловчи томон эса аксинча, Саакашвили ўз айбини тан олди деб ҳисоблади.

Суд мажлиси тугагандан кейин Михаил Саакашвилини яна Горидаги ҳоспиталга олиб кетишди. У 50 кунлик очликдан кейин ҳоспиталда тикланиш жараёнида бўлиб турибди. Собиқ президент давлат пулларини ўзлаштиргани айблови бўйича навбатдаги суд мажлиси 27 декабр куни ўтказилади. Саакашвилини олиб кетган махсус автомобил суд биносидан чиқаётганда сиёсатчининг тарафдорлари томонидан олқишлар билан кузатиб қўйилди.

Мавзуга оид